Жиззахда маҳсулотларни импорт қилишда биржа механизмининг имкониятлари муҳокама қилинди | Новости

12 Май 2022

Жорий йил 12 май куни Жиззахда озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонга биржа механизми орқали етказиб бериш мавзусига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан Жиззах вилояти ҳокимияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда Қозоғистоннинг 18 нафар йирик товар ишлаб чиқарувчилари, трейдерлари ва Ўзбекистоннинг 50 дан зиёд йирик дон ва ун маҳсулотларининг улгуржи истеъмолчилари, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг брокер ва трейдерлари иштирок этди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа механизми ва электрон савдо тизимларидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларини Қозоғистондан Ўзбекистонга етказиб бериш масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Семинарда таъкидланганидек, биржа технологиялари ёрдамида йўлга қўйилган тезкор ҳужжат айланмаси эвазига ортиқча сарсонгарчиликларсиз вақт ва маблағни тежаш мумкин. Ўз навбатида, биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар механизми дон маҳсулотларни етказиб бериш ва улар учун тўловларни ўз вақтида тўла амалга оширилишини кафолатлайди.

Тадбир давомида икки давлат бизнес тузилмаларининг вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқалари ўрнатилиб, дон маҳсулотларини биржа технологияларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўтказилган учрашув озиқ-овқат маҳсулотларини биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда импорт қилиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички товар бозорларида нарх-наво барқарорлигини сақлашга қўшимча рағбат сифатида хизмат қилади.

Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»

Курилди: 1842