Биржанинг Наманган филиалида давра суҳбати ўтказилди | Новости

21 Апр 2022
2022 йил 21 апрель куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Наманган филиали биносида тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
 
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 777-сон қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда вилоят тадбиркорларини биржа савдолари ва онлайн-аукционларга янада кенгроқ жалб қилиш мақсадида ташкиллаштирилди.
 
Тадбирда,  шунингдек, биржа савдолари, онлайн-аукцион, давлат харидлари иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар, журналистлар, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
 
Учрашув аввалида биржа вакиллари мамлакатимиз товар бозорларида шаффофликни таъминлаш, соғлом рақобатни ривожлантириш ва бозор тамойилларини жорий этишда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
 
 
 
Таъкидланганидек, ўтказилаётган очиқ ва шаффоф биржа савдолари тадбиркорларнинг товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, товар бозорларида бозор нархларининг шаклланииши ва соғлом рақобатнинг ривожланишига кўмак бермоқда.
 
Умуман олганда, 2022 йил январь-март ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 50,6% га ўсиб, 26,7 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 83% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон Қарори ижросини таъминлаш доирасида, давлат харидлари ва юк ташиш соҳаларида шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz ва электрон логистика бўйича e-logistika.uzex.uz порталлари ишга туширилган эди.
 
Жорий йилда биржанинг мазкур савдо порталлари такомиллаштирилмоқда. Хусусан, савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида давлат харидлари ягона порталида маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона миллий классификатори жорий этилди. Тадбиркорлар, шунингдек, савдо тизимида ягона рўйхатдан ўтиш ва ягона ҳисобварақ хизматларидан ҳам фойдаланишлари мумкин.
 
2022 йил январь-март ойларида давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан уч маротабага ошиб, қарийб 4,2 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши ҳам уч маротабага ўсиб, 879,2 млрд сўмга тенг бўлди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 777-сон қарорига мувофиқ e-logistika.uzex.uz электрон логистика савдо портали ҳам такомиллаштириб борилмоқда.
 
Мазкур порталнинг асосий афзаликларига онлайн савдолар ва юк ташишнинг шаффофлиги, барча иштирокчилар учун яратилган тенг шароитлар, мақбул бозор нархлари, юк ташишда вақт ва маблағларнинг тежалиши киради.
 
 
 
Айни пайтда, мазкур портал орқали биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг бошланғич нархларини пасайтиришга қаратилган аукцион тартибида амалга оширилмоқда. Бунда буюртмачилар ва юк ташувчилар электрон савдоларда қатнашиш учун электрон тизимда онлайн рўйхатдан ўтиб, биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасига аванс тўловларини киритишади.
 
Буюртмачи биржа савдолари орқали харид қилинган маҳсулотни ташиш хизматидан фойдаланиш мақсадида мустақил равишда ёки диспетчер-агент орқали порталда эълон жойлаштиради. Ўз навбатида, юк ташувчилар ўзларининг шахсий кабинетлари орқали порталга жойлаштирилган эълон бўйича ўз таклифларини беришади.
 
Юк ташувчилардан таклифларни қабул қилиш муддати якунланганидан сўнг 24 соат давомида буюртмачи юк ташувчилардан тушган таклифларни ўрганиб чиқиб, ўзи учун мақбулини танлайди. Мақбул таклифлар ичидан энг арзон нарх таклиф этган юк ташувчи электрон тизим томонидан автоматик тарзда ғолиб, деб белгиланади, ҳамда буюртмачи ва юк ташувчи ғолиб ўртасидаги шартнома тузилади. Биржа савдолари орқали сотилган маҳсулотларни юклаш ўтказилган тўловларнинг кетма-кетлигидан келиб чиққан ҳолда “шаффоф навбат” тамойили асосида амалга оширилади. Харидорлар юклар ҳаракатланишини транспорт воситаларига ўрнатилган GPS-трекерлар ёрдамида реал вақт режимида кузатишлари мумкин.
 
Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда портал орқали биржа товарларини ташиш хизматлари бўйича ўтказилаётган савдо жараёларини кузатиш, зарур маълумотлар билан алмашиш, ноҳалол юкташувчиларни аниқлаш ва уларга тегишли чораларни қўришлари мумкин.
 
Айни пайтда мазкур порталда 1 500 дан зиёд юк ташувчилар, 5 358 та автотранспорт ва 1 621 та буюртмачилар онлайн тарзда рўйхатдан ўтказилган, ҳамда 2,1 млрд сўмлик қарийб 1 500 зиёд шартномалар тузилган.
 
Бундан ташқари биржа хизматлари сифатини яхшилаш, мижозлар билан самарали мулоқотни ўрнатиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида биржанинг Call-марказининг операторлари сони икки баробарга оширилди. Айни пайтда улар (+71) 207-00-33 телефон рақами ва @uzexfeedbackbot телеграм боти орқали мурожаатларни қабул қилиб, уларга тезкор жавоб қайтаришмоқда.
 
Тадбир якунида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистлар ва бошқа иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
 

Манбаа : PR отдел АО "УзРТСБ"

Кўрилди: 2964