UZEX биржасининг 2022 йилдаги TOP-10 энг муҳим воқеалари | Новости

30 Дек 2022

Якунланаётган 2022 йилда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ фаолиятида бир қатор янгиликлар ва муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Ана шундай катта аҳамият касб этган 10 та энг муҳим воқеаларни сарҳисоб қилиб чиқамиз.

1. Президент раислигида биржа фаолиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

2022 йил 17 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида товар-хом ашё биржасида савдоларни ва унда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари айтганларидек “Биржа бу – бозор иқтисодиётининг алифбоси. Ундаги савдолар эркин рақобатни шакллантиради, тадбиркорлар учун янги бозорларни очади, “яширин иқтисодиёт” ва коррупцияни кескин камайтиради”.

Йиғилишда маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқаришни соддалаштириш, янги маҳсулотларни биржа савдоларига жалб қилиш, биржанинг ташқи савдо операцияларини кенгайтириш ва янги хорижий савдо майдончаларни очиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

2. Маҳаллий ғалла ва ун маҳсулотлари биржа орқали сотила бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги ПҚ-262-сон Қарорига асосан 1 июндан ун, 1 июлдан эса ғалла маҳсулотларини очиқ биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиши бошланди.

Ўтган даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 860,7 минг тонна ун ҳамда 926,7 минг тонна буғдой биржа савдолари орқали барча тадбиркорлик субъектларига эркин сотилди.

Шу жумладан, 7,7 мингдан ортиқ фермер ва бошқа буғдой етиштирувчилари ўзлари етиштирган 545 минг тонна буғдойни илк бор очиқ биржа савдоларида сотдилар. Бунда, буғдойни сотишда улар биржанинг комиссион йиғими ва гаров маблағлари тўловидан озод этилди.

Ўтказилган биржа савдолари давомида ун ва буғдой учун биржа нархлари талаб ва таклиф асосида шаклланиб, тузилган битимлар доирасидаги барча тўловларни амалга оширилиши биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланди. Янги бозор шароитларида биржанинг ун ва буғдой бозорлари барқарорликни намоён этди.

3. Биржада маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг иштироки кенгайтирилди.

Кўриб чиқилаётган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 100 мингдан зиёд янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 маротабага кўпдир.

Тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини биржанинг истиқболли товарлар секциясида сотиш тартиби соддалаштирилди. Бунинг натижасида биржанинг мазкур товар секциясида 1,1 трлн сўмлик янги 198 турдаги маҳсулотлар сотилди.

Шунингдек, ички бозорда юқори ликвидли ва монопол товар бўлмаган маҳсулотлар бўйича биржа комиссия йиғимлари ҳар бир томон учун икки баробарга қисқартирилди.

4. Давлат харидлари бўйича янги хизматлар жорий этилди.

Маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биржанинг давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15% миқдорида преференция қўлланилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, мазкур тизимда иштирокчилар таклифларини холис баҳолаш мақсадида норезидент иштирокчиларга нисбатан қўшимча коэффициент қўллаш хизмати жорий этилди.

Бундан ташқари, давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш, мижоз ва иштирокчи ўртасида очиқ электрон чат ҳамда битимлар бажарилишини кафолатлашни закалат маблағлари билан бирга гаров ёки кафиллик шаклида таъминлаш тартиби ҳам жорий этилди.

5. Биржа товарларининг логистикаси рақамлаштирилди.

Юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида жорий этилган биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталида онлайн савдолар фаоллаштирилди. 2022 йил бошидан буён мазкур порталда 12,8 млрд сўмлик 7,4 мингдан зиёд шартномалар тузилди.

Биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш мазкур портал орқали нархларни пасайишга қаратилган аукцион тартибида амалга оширилмоқда. Биржа савдоларида харид қилинган маҳсулотларни юклаб бериш кетма-кетлиги эса “шаффоф навбат” тамойили асосида амалга оширилмоқда.

6. Биржанинг хорижий савдо майдончалари сони ошмоқда.

Хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган биржанинг савдо майдончалари сони 34 га етди. Хусусан, 2022 йилда биржанинг хориждаги янги таянч офислари Польша, Туркия, Озарбайжон ва Тожикистон каби мамлакатларда очилди.

Янги хорижий савдо майдончаларини очишдан кўзланган асосий мақсад биржа савдоларининг бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг товар бозорларига эркин киришини таъминлаш ҳамда ички бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар учун нархлар барқарорлигини таъминлашдан иборатдир.

Бугунги кунда маҳаллий биржада 2300 та хорижий фаол норезидентлар фаолият юритмоқда. Қозоғистонда ташкил қилинган 7 та савдо майдончалари орқали 118 дан ортиқ ун ва буғдой ишлаб чиқарувчи йирик корхона ва трейдерларнинг 325,8 млн АҚШ долларлик 905,2 минг тонна буғдой ва 224,1 минг тонна ун маҳсулотлари маҳаллий ун ишлаб чиқарувчи, паррандачилик ва озуқа ем ишлаб чиқарувчи корхоналарига сотилди.

Хорижий савдо майдончаларнинг фаоллашуви натижасида 2022 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 501,3 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди.

7. Биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Биржа савдо операцияларини янада кенгайтириш, товар-хом ашё биржалари ва уларнинг профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.11.2022 йилдаги “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-430-сон Қарори қабул қилинди.

Янги қарор билан биржа фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан тадбиркорларни биржа савдолари ва давлат харидларида иштирок этишни енгиллаштириш, биржа орқали сотиладиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, экспорт-импорт савдо ҳажмларини ошириш ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

8. Хорижий ҳамкорлар билан алоқалар кенгайтирилди.

2022 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари кўмаклигида Дальян товар биржаси (DCE), Покистон товар биржаси (РМЕХ), Дубай кўп тармоқли товар ва хом ашё маркази (DMCC), Дубай олтин ва товар биржаси (DGCX), Малайзия биржаси (Bursa Malaysia), Сингапур биржаси (SGX Group), Тел-Авив биржаси (TASE) ва Иcтанбул биржаси (Borsa Istanbul, BIST) билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Шунингдек, Евро-Осиё фонд биржалари федерацияси (FEAS), Фьючерс бозорлари ассоциацияси (AFМ) ва МДҲ Халқаро биржалар ассоциацияси, АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) ва Товар биржалари бўйича комиссияси (CFTC) билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди.

9. Давлат захиралари бўйича ихтисослаштирилган платформа ишга туширилди.

Давлат захиралари маҳсулотларини аукцион тартибида харид қилиш ва сотишни ташкиллаштириш ҳамда барча савдо иштирокчилари учун тенг шароитларни яратиб бериш мақсадида биржанинг davzaxira.uzex.uz янги ихтисослаштирилган электрон савдо платформаси ишга туширилди.

Платформадаги онлайн-аукционлар “Ўздавзахира” қўмитаси ва “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ томонидан 2022 йил 22 сентябрда тасдиқланган савдо қоидаларига мувофиқ биржанинг анъанавий очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилмоқда.

10. Биржа савдолари бўйича кенгроқ тушунтириш берилди.

Республикамиз туманларида буғдойни биржа орқали самарали сотилишини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Савдо саноат палатасининг 200 дан зиёд ходимлари ва фермер хўжаликларининг қарийб 1400 та бухгалтерлари трейдерликка ўқитилди ҳамда 20 мингдан зиёд фермерлар учун махсус ўқув семинарлари ташкил этилди.

Бунинг натижасида республикамизнинг барча туманларида Савдо-саноат палатаси ҳузурида биржанинг жами 208 та янги савдо майдончалари очилди ва 200 дан зиёд янги трейдерлар аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, 2022 йил давомида биржа томонидан 30 дан ортиқ форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари, матбуот анжуманлари, брифинглар, пресс-турлар ва ОАВ вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокида бошқа оммавий тадбирлар ўтказилди.

Курилди: 3921