Биржанинг Навоий филиалида пресс-тур ва давра суҳбати ўтказилди | Новости

29 Ноя 2022
Жорий йил 29 ноябрда “Биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ва биржада шаффофликни таъминлаш” мавзусида оммавий ахборот воситалари иштирокида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Навоий филиалига пресс-тур ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан давра суҳбати ташкил этилди.
 
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-430-сонли қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Навоий филиали фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
 
Тадбирда журналист ва тадбиркорлар билан ўтказилган жонли мулоқот ўтказилиб, биржа савдоларини ривожланишига оид масалалар муҳокама қилинди.
 
Хусусан, уларга 2022 йил 24 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-430-сон қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
 
 
 
Таъкидланганидек, мазкур қарор биржа савдо операцияларини янада кенгайтириш, товар-хом ашё биржалари ва уларнинг профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
 
Ҳужжат билан бир қатор янгиликлар назарда тутилган, шу жумладан:
 
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтининг ўзида биржа тизимида ҳам аккредитациядан ўтказиш тартиби жорий этилади.
Хорижий етказиб берувчилар томонидан давлат харидлари тизимида иштирок этиш учун мажбурий тартибда электрон ракамли имзо олиш талаби бекор килинади.
Биржада тадбиркорлик субъектларининг истиқболли товарлар секцияси ташкил этилади.
Тўғридан-тўғри шартномаларини тузишда биржанинг ҳисоб-китоб клиринг тизими орқали кафолатлаш хизматидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Биржада тузиладиган экспорт-импорт шартномаларда ҳам “форвард” битимлари қўлланилади.
 
Шунингдек, монополист корхоналар ва давлат улуши 50% дан юқори бўлган ишлаб чиқарувчилар томонидан фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган товарлар рўйхати кенгайтирилди. 
 
Ушбу руйхатга пўлат шар, металл лист прокати, суюқ углерод оксиди, техник кислород, каустик сода, нефть кокси, синтетик нафта ва барда каби маҳсулотлар киритилди.
 
Бундан ташқари, монополист бўлмаган корхоналар томонидан металл листи прокати ва цементнинг 50%, ҳамда пахтадан олинган чигит, пахта мойи, шрот, шелуха ва истеъмол этил спиртининг 100% биржа савдолари орқали сотилади.
 
Шу билан бирга, Қарор билан ички бозорда нархлар кескин ошиб кетишининг ва сунъий танкислик вужудга келишининг олдини олиш бўйича тизимни жорий этиш ҳамда хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Узбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган.
 
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.
 
Таъкидланганидек, мижозларга сифатли маслаҳат бериш ва хизмат кўрсатиш учун биржа замонавий технологик воситалар, шу жумладан алоҳида компьютер ускуналари ва LED ахборот мониторлари ҳамда узлуксиз электр манбаи билан жиҳозланган.
 
 
 
 
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Навоий филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 10 та савдо майдончалари, 57 та брокерлик идоралари ва қарийб 112 та трейдерлар фаолият юритади.
 
Жорий йил бошидан буён филиалда ўтказилаган электрон савдолар натижасида жами 6,7 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20% га кўпдир. Жумладан битимларнинг асосий қисми, яъни 78% биржа савдоларига, қолган 22% эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
 
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Навоий вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.
 
Таъкидланганидек, мижозлар биржа савдоларида қатнашиш учун биржанинг филиали ёки савдо майдончасида фаолият юритувчи брокерлик идораси билан шартнома тузиш керак. Шунингдек, улар электрон давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, авторақам ёки мобиль рақамларнинг онлайн аукционларида ўзларининг шахсий кабинетлари орқали онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун биржада бепул асосда онлайн-рўйхатдан ўтиш ва гаров маблағларини киритишнинг ўзи кифоя.
 
Шунингдек, биржа савдолари ва электрон тижорат савдо тизимларининг шаффофлигини таъминлашда биржанинг расмий вебсайт, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа медиа ресурсларидан кенг фойдаланилади. Хусусан, биржанинг uzex.uz вебсайтида фойдаланувчилар биржа фаолияти ва хизматларига доир барча маълумотларни олишлари мумкин.
 
Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг арали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
 
Пресс-турда матбуот ходимлари биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан тушунтирдилар.
 
Пресс-тур ва давра суҳбати давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 655