Биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича Президент қарори қабул қилинди | Новости

25 Ноя 2022
Биржа савдо операцияларини янада кенгайтириш, товар-хом ашё биржалари ва уларнинг профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.11.2022 йилдаги “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-430 -сон Қарори имзоланди.
 
Мазкур Қарорга мувофиқ:
 
• тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда уларни бир вақтнинг ўзида биржа тизимида аккредитациядан ўтказиш тартиби жорий этилади;
• хорижий етказиб берувчилар томонидан давлат харидлари тизимида иштирок этиш учун мажбурий тартибда ЭРИ олиш талаби бекор қилинади;
• тадбиркорлик субъектларининг юқори ликвидли ва монопол бўлмаган маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш учун истиқболли товарлар секцияси ташкил этилади;
• тадбиркорлик субъектларига, ўз хоҳишига кўра, биржадан ташқари тўғридан-тўғри тузилган шартномалар буйича биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг тизими орқали кафолатли ҳисоб-китоб хизматидан фойдаланиш имконияти яратилади;
• маҳсулотларни "форвард" битимлари асосида сотиш тартиби биржа савдолари орқали тузиладиган экспорт-импорт шартномаларига нисбатан хам қўлланилади.
 
2022 йил 1 декабрдан 2024 йил 1 январга қадар куйидаги товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади:
 
• монопол корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 % ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фонди (капитали)нинг 50 % ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 % ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пўлат шар, металл лист прокати, суюқ углерод оксиди, техник кислород, каустик сода, нефть кокси, синтетик нафта, барда – ишлаб чиқариш хажмининг 100%;
 
 • монопол бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50% кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган:
- металл лист прокати ва цемент – ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50%;
- пахтадан олинган чигит, пахта мойи (шу жумладан, экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) ва истеъмол этил спирти – ишлаб чиқариш ҳажмининг 100%.
 
Шунингдек, Қарор билан ички бозорда нархлар кескин ошиб кетишининг ва сунъий танкислик вужудга келишининг олдини олиш бўйича тизимни жорий этиш ҳамда хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Узбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган.
 
Мазкур Қарорнинг тўлиқ матни билан биржанинг расмий вебсайтининг Меъёрий-ҳуқуқий актлар бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.
 

Манбаа : PR отдел АО "УзРТСБ"

Кўрилди: 977