Коррупцияга қарши курашиш мавзусида амалий семинар ўтказилди | Новости

04 Окт 2022

Жорий йил 3 октябрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари мавзусига бағишланган амалий семинар ўтказди.

“Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси” АЖ Комплаенс назорат ва ахборот хавфсизлиги Бош бошқармаси томонидан ташкил этилган йиғилишда биржанинг марказий аппарат ходимлари билан бирга Zoom видеоконференция дастури орқали ҳудудий филиаллар ходимлари ҳам иштирок этдилар.

Семинар Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати жамиятда адолат ва қонун устуворлигини олий даражага кўтариш, замонавий ва самарали давлат бошқарувини жорий этиш, давлат хизматида коррупциявий ҳолатларнинг ҳар қандай кўринишларига қатъий муросасизлик маданиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходими Маманов Сардоржон Собирович “Коррупцияга қарши курашиш борасида давлат сиёсати ва унинг устувор йўналишлари, манфаатлар тўқнашуви ҳамда одоб-ахлоқ қоидалари” мавзусида маъруза қилди.

Таъкидланганидек, 2016-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида коррупцияни олдини олишга қаратилган 6 та Қонун, 6 та Президент фармони, 7 та Президент қарорларини қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, унга барҳам бериш учун зарур шароитлар яратиб берди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ижобий ютуқларга эришган ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, коррупция кўринишларининг оқибати билан курашиш эмас, балки уни келтириб чиқараётган сабабларини бартараф этиш ўз самарасини беради.

Шу боис, коррупцияни олдини олиш, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, коррупцияга имкон берувчи сабабларни чуқур таҳлил қилиш, коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш, коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тизимини яратиш, давлат органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишни тақозо этади.

Тадбир давомида, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар ва кутилаётган ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Семинар якунида биржа ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»

Курилди: 4413