Давлат харидлари иштирокчиларининг имкониятлари кенгаймоқда | Новости

24 Окт 2022

Давлат харидлари тизимининг шаффофлигини таъминлаш, уни янада такомиллаштириш ҳамда давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг etender.uzex.uz давлат харидлари электрон савдо тизимида гаровни таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди.

Энди савдо иштирокчилари ўзларининг таклифларини закалат маблағлари ўрнига гаров ёки кафиллик шаклида таъминлашлари мумкин, бу иштирокчилар учун қўшимча қулайлик ва имкониятдир.

Бунинг учун давлат буюртмачиси эълонни жойлаштиришда таклифларни гаров ёки кафиллик кўринишидаги таъминот тақдим этиш имкониятини алоҳида кўрсатади. Шу билан бирга, иштирокчилар ушбу гаров ёки кафиллик билан боғлиқ зарур ҳужжатларни тақдим этишлари керак.

Бундан ташқари, etender.uzex.uz тизимида савдо иштирокчилари шунингдек, савдо натижаларига кўра шакллантириладиган дастлабки электрон баённомани икки кун муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Агар иштирокчи томонидан эътирозлар бўлмаса, ушбу баённома харид комиссияси томонидан расмийлаштирилади. Савдо иштирокчиларидан эътирозлар келиб тушган тақдирда, харид комиссияси эътирозларни кўриб чиқади, тегишли қарор қабул қилади ва электрон баённома расмийлаштиради.

Шу билан бирга, ушбу савдо тизимида мижоз ва иштирокчи ўртасида очиқ электрон чат жорий қилиниб, у етказиб берувчилар ва ҳужжатларга қўйиладиган талабларни аниқлаштириш имконини беради.

Давлат харидлари тўғрисидаги эълон жойланган пайтдан бошлаб, таклифлар тақдим этиш муддати тугагунга қадар, иштирокчилар очиқ электрон чат орқали давлат буюртмачисига хабар юборишлари ва ўз жавобларини олишлари мумкин.

Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»

Курилди: 3202