Давлат харидлари тизимида янги хизматлар жорий этилди | Новости

14 Окт 2022

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz – танлов ва тендер электрон савдо тизимида бир қатор янги хизматлар жорий этилди.

Биринчи янгилик танлов ва тендер бўйича электрон савдолар натижаларини давлат буюртмачиси томонидан қабул қилиниши билан боғлиқ. Хусусан, электрон баённома шакллантирилганидан сўнг давлат буюртмачиси акцептни қабул қилиши ёки бекор қилиши мумкин.

Акцепт рад этилган тақдирда, давлат буюртмачиси ўз қарорини асослаб бериши керак бўлади.

Ўз навбатида савдо ғолиби ҳам акцептни қабул қилиши ёки рад этиши мумкин, рад этилган тақдирда акцепт автомат равишда захирадаги ғолибга йўлланади.

Иккинчидан, давлат буюртмачиларига қулайлик яратиш мақсадида мазкур савдо тизимининг шахсий кабинетида давлат харидларини мониторинг қилиш хизмати жорий этилди. Шахсий кабинетнинг “Мониторинг” саҳифаси орқали давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг мониторингини амалга ошириш мумкин.

Бундан ташқари, эндиликда бюджет буюртмачиларидан ташқари корпоратив буюртмачилар ҳам давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимлар учун қўшимча келишувлар имзолаш имкониятига эга бўлишди. Қўшимча келишувлар орқали буюртмачи ёки иштирокчининг реквизитларини, шунингдек, битим нархини ҳам ўзгартириш мумкин.

Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»

Курилди: 2255