Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунига кўра 2022 йил 1 январдан энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш тартиб-таомилларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказиш ҳамда бюджет буюртмачилари томонидан чораклик ва йиллик харидларнинг режа-жадваллари махсус ахборот порталига жойлаштирилиши белгиланган.
Айни пайтда, давлат харидлари бўйича харидлар режаларини бюджет буюртмачилари томонидан жойлаштирилиши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг УзАСБО дастурий мажмуаси new.mdm.uz да шакллантирилиши ва Ғазначилик томонидан тасдиқланишидан сўнг Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Молия вазирлиги ўртасидаги ахборот алмашинуви орқали автоматик тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари электрон тизимининг оператори сифатида давлат харидлари тизимида шаффофликни ошириш ва қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида 2021 йилнинг май ойида xarid.uzex.uz янги ягона порталини жорий этган.
Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди ва маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона миллий классификатори жорий этилди.
Бу, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни енгиллаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга кўмак беради.
Янги порталда мижозларни ягона рўйхатдан ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварақ хизматлари ҳам жорий этилган. Яъни давлат харидлари бўйича буюртмачилар ва иштирокчилар порталда бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек 2021 йил мобайнида республикамизнинг барча ҳудудларида Молия вазирлиги ва Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси билан биргаликда xarid.uzex.uz портали бўйича давлат буюртмачилари ва товар етказиб берувчилар учун ўқув семинарларини ўтказишган, ҳамда корпоратив буюртмачилар мазкур порталдан тўлақонли фойдаланиб келишган.
Хусусан семинарлар тасдиқланган режа-жадвалларга мувофиқ Молия вазирлиги билан ҳамкорликда 13-14 декабрда Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, 16-17 декабрда Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида, ҳамда 20-21 декабрда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларида ўтказилган.
Таъкидлаш лозимки, 2022 йил 1 январдан биржа ва Молия вазирлиги ўртасидаги маълумотлар алмашинуви тизими ҳамда товар ва иш/хизматлар классификатори ҳам янгиланган.
Шунингдек, биржанинг давлат харидлари бўйича электрон тизимидан фойдаланиш борасида давлат харидлари буюртмачилари ва иштирокчилари учун ўқув қўлланмалар xarid.uzex.uz порталига жойлаштирилган.
Шу билан бирга, бюджет буюртмачилари ва бошқа иштирокчиларнинг электрон давлат харидлари соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 2022 йил 24 январдан бошлаб хафтанинг душанба-жума кунлари соат 15:00 да xarid.uzex.uz портали бўйича давлат буюртмачилари учун “Zoom” дастури орқали (Идентификатор рақами - 702 584 7780, кириш коди – 772 445) ҳамда хафтанинг сешанба ва жума кунлари биржанинг ҳудудий филиалларида қўшимча интерактив ўқув семинарлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ўқув семинарлари видеотасвири биржанинг расмий “Youtube” канали ҳамда бошқа ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам жойлаб борилади.
Қўшимча маълумот учун, биржанинг Call-марказига (71) 207-00-33 телефон рақами ёки @uzexfeedbackbot Telegram-бот орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Источник : PR отдел АО "УзРТСБ"
Курилди: 26525