Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 777-сон қарорига мувофиқ биржа савдолари янада такомиллаштирилмоқда | Новости

18 Янв 2022
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг электрон логистика савдо порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биржа савдоларига янги савдо инструментларини, шу жумладан, товар деривативларини босқичма-босқич жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг тўлиқ рақамлашган шаффоф навбат тамойилига асосланган электрон логистика савдо порталини ташкил этишга қаратилган.
 
Товар биржаларида фьючерс савдоларини ташкиллаштириш товар бозорларида нархларнинг ўзгарувчанлигидан суғурталаш (хеджирлаш), бозор нархлари барқарорлигини таъминлаш, ҳамда иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш имконини яратади.
 
Қарор билан тасдиқланган товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси товар-хом ашё биржаларида товар деривативларини, шу жумладан, фьючерс савдоларини тартибга солиш соҳасида ваколатли орган этиб белгиланди.
 
Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишган ҳолда фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ва фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартиби ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
 
Шунингдек, биржада муомалага чиқарилган фьючерс контрактлари ликвидлилигини таъминлаш ва савдо иштирокчиларини кенгайтириш мақсадида биржа аъзолари ва уларнинг мижозлари учун фьючерс савдолари бўйича ишлаб чиқилган махсус дастур асосида доимий ўқув курслари ташкиллаштирилади.
 
Республикада фьючерс савдоларини оммалаштириш ва янада рағбатлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига товар-хом ашё биржалари аъзолари томонидан амалга оширилган фьючерс операциялари қийматидан келиб чиқиб, мос равишда уларнинг солиқ базасини камайтириш бўйича тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилмоқда.
 
Шунингдек, қарор билан автотранспортда юк ташиш хизматлари бўйича электрон логистика савдо портали фаолияти тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган.
 
Мазкур низомга мувофиқ электрон логистика савдо порталида буюртмачи ва юк ташувчиларни рўйхатдан ўтказиш, юк ташиш бўйича электрон савдоларни ўтказиш ва шартномаларни тузиш тартиблари, тузилган шартномалар бўйича томонларнинг мажбуриятларини кафолатлаш механизмлари белгиланган.
 
Ўз навбатида, қарор доирасида Транспорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан монопол ташкилотлар ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари томонидан экспортга сотилаётган маҳсулотлар бўйича халқаро юк ташиш хизматларини ўрганган ҳолда савдоларни электрон логистика савдо портали орқали амалга ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилиши белгиланган.
 
Биржа савдоларида хорижий компаниялар иштирокини кенгайтириш мақсадида норезидент сотувчи ва харидорларнинг биржа шартномаси бўйича тўлови, воситачилик йиғими ҳамда томонларнинг закалати билан боғлиқ биржа савдо операцияларини амалга ошириш учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасига чет элдаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очишга рухсат берилди.
 
Шу билан бирга, қарорнинг 3-иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
 
Жумладан, эндиликда монополист ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар ҳар ойлик юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни юклаш графигини кунларга тақсимлаган ҳолда биржа расмий веб-сайтида келгуси ой бошланишидан уч кун олдин жойлаштиради.
 
Биржада тузиладиган форвард битимлари бўйича киритиладиган закалат маблағлари мўлжалланаётган битим суммасининг 10 фоиздан кам бўлмаган (аввалги таҳрирда 10 фоизигача) миқдорида киритилиши, тўлов муддати эса 15 иш кунидан кам бўлмаслиги белгиланди.
 
Бундан ташқари,  форвард шартномаси бўйича сотувчи томонидан тузилган шартнома бўйича маҳсулотни юклаб бериш мажбурияти асоссиз бажарилмаганда, шартнома бўйича киритилган аванс суммасидан ташқари ҳар бир кечиктирилган кун учун шартнома қийматининг 0,1 фоизи миқдорида жарима пеня тўланади.
 
Ўз навбатида, сотувчи томонидан форвард шартномаси бўйича маҳсулот бир ойдан кам бўлмаган муддатда етказиб берилиши белгиланди.
 
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низоми”га киритилган  ўзгартириш ва қўшимчалар асосида монопол ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан манипуляция ҳаракаталари содир этилган тақдирда, уларга нисбатан тегишли чораларни кўриш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.
 
Бунда:
 
биржа иштирокчилари томонидан қасддан қилинган манипуляция ҳаракатларига аниқлик киритилиб, эндиликда ёлғон маълумотларни тарқатиш, савдо иштирокчилари имкониятини чеклайдиган лотларни биржа савдоларига чиқариш ёки шартноманинг алоҳида шартларини кўрсатилиши, бошланғич нархларни белгилашда монопол юқори нарх қўллаш каби ҳаракатлар тақиқланади;
 
биржа савдоларидан четлатилган ҳажмларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шу жумладан, экспортга сотиш ҳолатлари аниқланганда, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилган ҳажмни сотиш нархи билан биржа савдоларининг бошланғич нархи, олдин биржа савдоларида сотилмаган ҳолларда эса бир хил турдаги маҳсулот бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нарх) ўртасидаги тафовутга кўпайтириш орқали ҳисобланган маблағлар олиб қўйилади;
 
маҳсулотларни тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатлар ва ҳажмларда қўйилмаган тақдирда сотувчидан маҳсулотни биржа савдосига қўйишнинг охирги санасида шаклланган биржа нархи билан унинг иштирокидаги олдинги савдолар биржа нархи ўртасидаги тафовут, сотувчи томонидан савдоларга қўйилмаган товарнинг ҳажмига кўпайтирилган маблағлар олиб қўйилади.
 
Қабул қилинган ушбу қарор биржа савдоларида товарларни сотиш жараёнларига бозор тамойилларининг фаол жорий қилиниши, яширин иқтисодиётнинг қисқариши, ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига ҳақиқий нархларнинг шаклланиши ва солиқ базасининг кенгайиши, шунингдек, маҳсулотлар нарх-наволари кескин ўсишидан ҳимояланиш, бозорда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш, биржа савдо иштирокчиларининг шартномавий мажбуриятлар бажарилишини янада мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг бўш маблағларидан самарали фойдаланишлари учун асос бўлиб хизмат қилади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 5013