Жорий йил 29-30 сентябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон Иқтисодий Форуми ўтказилди. Тадбирда 100дан ортиқ ташкилотлар, хусусан, халқаро молия институтлари, хорижий вакилликлар, йирик банклар ва инвесторлар, консалтинг ва аудиторлик компанияларининг 300дан зиёд юқори мартабали вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳам мазкур форумда фаоллик кўрсатди. Форумнинг иккинчи кунида биржа фаолиятига бағишланган “UZEX: муваффақият драйверлари ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида тақдимот ўтказилди.
Тадбир аввалида форум иштирокчилари учун, хусусан, хорижий меҳмонлар ва инвесторлар учун UZEX биржаси ҳақида видеоролик намойиш этилди. Меҳмонлар ўзбек биржасининг ривожланиш суръатлари, биржа инфраструктураси, электрон савдо тизимлари ва савдо механизмлари билан батафсил танишдилар.
Шунингдек, товар-хом ашё биржасининг сўнги йилларда эришган ютуқлари ва истиқболдаги режаларига бағишланган алоҳида тақдимот ҳам ўтказилди. Тақдимот давомида компаниянинг рентабеллиги ҳақида тўлиқ маълумот берилди, янги эришилган марралар намойиш этилди ва компаниянинг янги IT-лойиҳалари ҳақида сўзлаб берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси савдо ҳажмлари бўйича МДҲ товар биржалари орасида ишончли тарзда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Ўтган йили биржанинг савдо ҳажми 5,4 млрд АҚШ долларни ташкил қилган. Жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра мазкур кўрсаткич 5,6 млрд АҚШ доллар атрофида баҳоланмоқда.
Шу тариқа, сўнгги йилларда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг соф даромади, дивиденд тўловларининг ҳажмлари ва акцияларига бўлган талабнинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган иқтисодий либерализация сиёсати туфайли UZEX биржасининг акционерлар таркибида хорижий инвесторларнинг улуши 2,5% гача ошди. Яқин келажакда ушбу кўрсаткичнинг янада ўсиши кутилмоқда.
Тингловчилар биржанинг келгусидаги ривожланиш дастурига киритилган янги лойиҳаларга ҳам катта қизиқиш билдирдилар. Бу лойиҳалар биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида янги IT-ечимларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлиб, улар биржа IT-инфратузилмасини янгилаш ва модернизация қилишни талаб қилади.
Тақдимот якунида форум иштирокчилари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, Ўзбекистонда биржа саноатини келгусида янада ривожланишининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 2925