Биржа раҳбарияти Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти тадбиркорлари билан сайёр учрашувлар ўтказди | Новости

24 Сен 2021

Жорий йил 23-24 сентябрь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарияти Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказди. Хусусан, бизнес вакиллари билан учрашувлар Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида ҳамда Хоразм вилоятининг Хазорасп, Тупроққалъа ва Боғот туманларида ташкил этилди.

Тадбирларда шунингдек, вилоят Молия бошқармалари, Монополияга қарши курашиш бошқармалари ва Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаларининг масъул ходимлари, биржа савдолари, онлайн-аукцион, электрон давлат харидлари иштирокчилари, биржа брокерлари ва трейдерлари иштирок этдилар.

Мазкур очиқ мулоқотлар  Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида белгиланган вазифаларни бажарилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда биржа савдолари бўйича очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган чоралар, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётида биржанинг ўрни тобора ортиб боряпти.

Очиқ мулоқотлар давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолияти ҳақида видеоролик намойиш этилди. Тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларига жавоблар берилди, тадбиркорларнинг биржа фаолиятида иштирок этиши юзасидан маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Учрашувларда иштирок этган тадбиркорлар ва корпоратив мижозлар биржа раҳбарлари билан бевосита мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтираётган саволларга жавоб олдилар. Муаммоларни бартараф этишга оид мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, тадбиркорларнинг биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидларида, юридик ва жисмоний шахсларнинг авторақамлар онлайн аукционларда  иштирок этиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг мазмун-моҳияти ва ижроси билан батафсил танишдилар.

Таъкидланганидек, қарорнинг қабул қилиниши билан фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол товарларнинг рўйхати кенгайтирилди.

Мазкур учрашувлар биржанинг расмий вебсайтида жойлаштирилган жадвалга мувофиқ республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.

Источник : “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими

Курилди: 2954