UZEX биржасида хитойлик мутахассислар билан амалий анжуман ўтказилди | Новости

23 Сен 2021

Жорий йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг марказий биноси ва Хитой Халқ Республикаси Циндао шаҳри Тижорат Бюроси офисида “Трансчегаравий электрон тижорат. Тенденциялар ва истиқбол” мавзусида видео-форум ўтказилди.

Семинар “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ, Осиё-Европа халқаро моддий ресурслар маркази (AEEX-ХХР), Циндао шаҳри Тижорат Бюроси(ХХР) томонидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, ХХР Савдо вазирлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибияти кўмагида ташкил этилди.

Тадбир ўзбек биржаси фаолияти билан танишиш, шунингдек электрон тижорат минтақавий бозорининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш тенденцияларини муҳокама қилиш, барча халқаро талабларга жавоб берувчи ҳамда ташқи савдо операцияларини ривожлантириш ва кўпайтиришга қаратилган трансчегаравий рақамли савдо соҳасида амалий кўникмага эга бўлиш, корхоналар ўртасида янги савдо алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашиш ва Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасидаги савдони янада барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган маҳсулотлар учун янги бозорларни излаш мақсадида ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, Циндао шаҳри Тижорат бюроси мазкур семинарни ўтказишда ҳомийлик қилди. Тадбир Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги вакили ва Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Бошқарув раисининг очилиш нутқи билан бошланди.

Республика товар-хом ашё биржаси Бошқарув раиси Зиёвиддин Бадриддинов таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги трансчегаравий электрон тижоратнинг ривожланиш тендециялари ва рақамли савдо соҳасидаги ўзаро муносабатларни муҳокама қилишга қаратилган мазкур семинар, минтақавий электрон тижорат ҳамжамиятининг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантиришга хизмат қилади.

Семинар давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятига бағишланган видеоролик тақдим этилди. Ўз навбатида хитойлик мутахассислар ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ва компаниялар учун трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантиришга бағишланган мавзуга оид маърузалар ва амалий тақдимотлар билан чиқиш қилдилар.

Видеоанжуман фаол мунозаралар шаклида ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар. Шунингдек, улар мавзуга доир маълумотларни фойдали ва амалий аҳамият касб этганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар.

Онлайн семинар якунига кўра, “ЎзРТХБ” АЖ ва AEEX га сертификатлар топширилди ва бу соҳадаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Источник : “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими

Курилди: 2595