2021 йил 23 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакилларининг вилоят тадбиркорлари ва ёшлари билан навбатдаги учрашуви ўтказилди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳамда ёшларни трейдерлик касби билан таништиришдан иборат бўлди.
Семинарда Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, электрон савдоларнинг иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, брокер ва трейдерлар иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, Президенти Қарори бизнес вакиллари, шу жумладан ёш тадбиркорлар учун бир қатор янги имкониятларни тақдим этди.
Хусусан, улар томонидан поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан фойдаланиш кенгайтирилди. Мазкур товар позициялари бўйича сотувчи ва олувчи корхоналар биржада рўйхатдан ўтказилди, улар бўйича стандартлаштирилган биржа шартномалари очилиб, очиқ ва шаффоф биржа савдолари ўтказилмоқда.
Натижада жорий йилнинг 8 ойлик якунларига кўра биржа савдолари орқали 1,3 минг декалитрдан зиёд этил спирти, 17,4 минг тонна поливинилхлорид, 1,4 минг тонна формалин ва 244 килограмм кумуш сотилди.
Шунингдек, жорий йилда биржанинг цемент, пахта чигити, пахта ёғи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари сегментларида хусусий корхоналарнинг қўшимча ишлаб чиқариш ҳажмлари эвазига биржада таклиф даражасининг ўсиши ва нархларининг барқарорлашувига эришилмоқда.
Қарорни ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг e-logistika.uzex.uz янги электрон портали тест режимида ишга туширилди.
Мазкур портални ишга туширишдан кўзланган асосий мақсад бу юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соф рақобатни ривожлантиришдан иборатдир.
Янги портал иштирокчилар учун бошланғич нархларни пасайишга қаратилган аукцион ҳисобига ўз харажатларини мақбуллаштиришга имконини беради.
Порталга, шунингдек, юклар ҳаракатланишини реал вақт режимида кузатиш, диспечерлик хизмати ва юк ташувчи компаниялар хизматини баҳолаш функциялари ҳам киритилади.
Тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги ягона портал ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди.
Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.
Янги порталнинг бошқа афзалликларига мижозларни ягона рўйхатдан ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварақ хизматлари киради. Эндиликда тадбиркорлар биржада бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да биржа савдоларида товар деривативалари, жумладан фьючерс шартномаларини жорий этилиши ҳам белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсадлар нархларнинг ўзгарувчанлигидан ҳимояланиш (хежерлаш), товар бозорларида талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш, бозор нархини шакллантириш, иқтисодиётга бўш маблағлар ва хорижий инвесторларни жалб қилишдан иборатдир.
Шу мақсадда биржа мутахассислари томонидан товар сегментларида фьючерс савдоларини ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича хорижий биржалариининг илғор тажрибаси ҳар томонлама ўрганилмоқда.
Умуман олганда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон Қарори UZEX биржасини янада ривожланишига катта туртки бермоқда.
Хусусан, 2021 йилнинг 8 ойлик якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг товар айланмаси 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 60% га ўсиб, деярли 54,0 трлн сўмни ташкил қилди.
Учрашувда биржа раҳбарлари Қашқадарё филиалида биржа трейдинги бўйича ўтказилаётган бепул ўқув курсларида ўқиш учун ёшларни таклиф қилишди. Мазкур ўқув курсларида ёшлар брокерлик касбини эгаллашда зарур бўладиган назарий ва амалий билимларни олишлари мумкин.
Маърузачиларнинг чиқишлари давомида ёшлар, тадбиркорлар, журналистлар ва соҳа мутахассисларининг иштирокида савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 2514