Стратегик аҳамиятга эга корхона ходимлари ва мутахассисларини “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг Янги таҳрирда қабул қилиниши билан боғлиқ ўзгаришлар ва янгиликлар билан таништириш мақсадида ташкил этилаётган семинарлардан навбатдагиси Қашқадарёда бўлиб ўтди.
23 август куни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ мутахассислари “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига кирувчи Шўртан газ-кимё мажмуасига ташриф уюштирдилар.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5031-сон қарорининг ижросини таъминлаш доирасида ўқув-семинар шаклида ўтказилди.
Семинарда давлат харидлари соҳасида амалга оширилган ислоҳотларга бағишланган тақдимот намойиш этилди. Таъкидлаш керакки, 2021 йил 22 апрелда Янги таҳрирда қабул қилинган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни давлат харидлари тизимининг очиқлигини янада кенгроқ таъминлайди, соҳада замонавий ахборот технологиялари ёрдамида инсон омили аралашуви янада қисқартиради.
Учрашув давомида янги таҳрирдаги Қонунга мувофиқ киритилган янгиликлар, шу жумладан бенефициар мулкдор, давлат харидларининг субъектлари, заҳирадаги ғолиб, иштирокчининг аффилланган шахс, энг яхши таклифларни танлаш каби янги тушунчаларга ҳамда қонунчиликда харидларни амалга оширишда белгиланган меъзонларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
“Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга давлат харидлари тизимига ўзгартириш ва янгиликлар киритиш бўйича таклифлар билдирдилар. Барча фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олиниб, бу соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.
Қашқадарё вилоятига ташриф чоғида “ЎзРТХБ” АЖ мутахассислари вилоят филиали вакиллари билан биргаликда Шахрисабз туманида жойлашган 06-502 сонли савдо майдончасига ҳам ташриф уюштирдилар. Тадбиркорлар ва трейдерлар иштирок этган учрашув чоғида биржа савдолари тизимида кутилаётган ўзгаришлар хусусида ҳам маълумот берилди. Ҳудудда қайд этилаётган кўрсаткичлар таҳлил қилинди.
Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»
Курилди: 2121