Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон Қарорини ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди | Новости

12 Авг 2021

2021 йил 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг ижроси” мавзусида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг матбуот анжумани ташкил этилди ва тадбир марказий телеканалларда тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарорининг ижроси юзасидан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Президент Қарори тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб янги имкониятларни очиб берди. Шу жумладан, улар томонидан поливинилхлорид (ПВХ), формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан фойдаланиш кенгайтирилди.

Хусусан, мазкур товар позициялар бўйича сотувчи ва олувчи корхоналар биржада рўйхатдан ўтказилди, улар бўйича стандартлаштирилган биржа шартномалари очилиб, очиқ ва шаффоф биржа савдолари ўтказилмоқда.

Натижада жорий йилнинг 7 ойлик якунларига кўра биржа савдолари орқали 797,3 минг декалитр этил спирти, 12,6 минг тонна поливинилхлорид, 1 225 тонна формалин ва 224 килограмм кумуш сотилди.

Ўз навбатида, ушбу маҳсулотларни бўйича нархлар талаб ва таклиф, соф рақобат каби бозор тамойиллари асосида шакллана бошлади.

Шунингдек, нефть ва газ конденсатини биржа савдолари орқали реализация қилиш бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан биргаликда фақат тегишли лицензия ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар рўйхати шакллантирилди.

Умуман олганда, 2021 йил 7 ойлик якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 46,7% га ўсиб, қарийб 46,0 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 87% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келди.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида электрон давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан деярли 2,4 баробарга ошиб, 4 670,3 млрд сўмга тенг бўлди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши икки маротабага ўсиб, 840,6 млрд сўмни ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда avtoraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукционлар орқали 168,7 млрд сўмлик 83,2 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди. Бунда, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,4 баробарга, ҳажми бўйича – 42% га ўсди. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,0 млн сўмга тенг бўлди.

Президент Қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.

Бугунги кунда логистик компаниялар билан биргаликда логистика порталининг электрон савдо тизимларини такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бир вақтнинг ўзида, логистика порталида фойдаланувчиларни электрон тизимда рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланган. Хусусан порталга 4 785 та юк ташувчиларнинг 66 249 та юк машиналари тўғрисида маълумотлар киритилган.

Портални тўлиқ ишга туширилиши юк ташувчилар бозорида рақобат муҳитини шакллантиради ва ушбу соҳада шаффофликни таъминлайди. Харидорлар бошланғич нархларни пасайишга қаратилган аукцион ҳисобига ўз харажатларини мақбуллаштиришга муваффақ бўладилар. Харидорларнинг электрон навбатини шакллантирилиши эса биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этади.

Порталга, шунингдек, юклар ҳаракатланишини реал вақт режимида кузатиш, диспечерлик хизмати ва юк ташувчи компаниялар хизматини баҳолаш функциялари ҳам киритилади.

Президент Қарори билан Товар-хом ашё биржаси фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги ягона портал ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди.

Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори янги тизимга жорий қилинди. Бу эса, ўз навбатида, порталга эълон ва оферталарни жойлаштириш жараёнини осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.

Янги порталнинг бошқа афзалликларига мижозларни ягона рўйхатдан ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварақ хизматлари жорий қилинганлиги киради. Эндиликда тадбиркорлар биржада бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.

Шунингдек, xarid.uzex.uz нинг мобиль иловасини ишлаб чиқиш август ойининг охирида фойдаланувчиларга тақдим этиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Президент Қарорининг ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида матбуот-анжуманлари, брифинглар, учрашувлар, ҳамда брокер ва трейдерларни малакасини ошириш бўйича ўқув семинарлари ўтказилди.

Матбуот анжумани давомида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»

Курилди: 2871