Жорий йил 25 июнь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабида рақамли ривожланиш соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг раҳбарларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси томонидан ташкил этилди.
Тақдирлаш маросимида вазирликлар, идоралар, хокимликлар, корхона, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ҳалқаро экспертлар иштирок этади.
Таъкидлаш керакки, маросимда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси “Электрон давлат хизматлари соҳасида энг яхши IT-лойиҳа” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.
Биржанинг IT-лойиҳалари, хусусан, электрон тижорат бўйича барча савдо тизимлари юқори эътирофларга эришди. Давлат харидлари соҳасидаги shop.uzex.uz, eshop.uzex.uz, dxarid.uzex.uz, exarid.uzex.uz, milliydokon.uzex.uz ва emilliydokon.uzex.uz савдо тизимлари орқали юқори иқтисодий кўрсаткичлар қайд этилаётгани таъкидланди.
Жумладан, 2021 йилнинг 5 ойи давомида биржанинг электрон савдо тизимининг давлат харидлари соҳасида 3,0 трлн сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар имзоланди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки баробар ортиқ эканлигини кўрсатди. Шу билан бирга, бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 557,9 млрд сўм маблағи тежалди. Бу кўрсаткич ҳам 2 карра ошган.
Биржанинг яна бир оммавий онлайн майдончаси - avtoraqam.uzex.uz ҳам Ўзбекистондаги энг муваффақиятли IT-лойиҳалардан бири, деб топилди. 2021 йил январь-май ойлари давомида мазкур савдо тизимида қиймати 107,7 млрд сўмга тенг 56,6 мингдан ортиқ авторақамлар сотилди. 2020 йилнинг 5 ойи билан солиштирганда, авторақамларни сотуви сон жиҳатдан 4,2 баробарга, қиймат жиҳатдан 70% га ошган.
Бундан ташқари, биржанинг нисбатан янги лойиҳалари - mobilraqam.uzex.uz, логистика бўйича transport.uzex.uz, ипак маҳсулотлари савдосига мўлжалланган ipak.uzex.uz порталлари ҳам муносиб баҳоланди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси IT-компания сифатида келгусида ҳам фаол бўлиб, янгидан-янги инновацион ечимларни йўлга қўйиш билан шуғулланиб боради.
Курилди: 3232