“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Николай Юрьевич Давыденконинг 54 ёшда вафоти муносабати билан марҳумнинг оғир жудоликка учраган оила-аъзолари ва яқин қариндошларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
Николай Юрьевич ўз меҳнат фаолиятини банк ва биржа соҳаларига бағишлади.У бир неча йиллар давомида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкида турли лавозимларда ишлади ва Ўзбекистон Республикасида банк тизимини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Николай Юрьевич “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси”даги фаолиятини 2017 йилда бошлади, Ҳисоб-клиринг палатаси ва биржанинг ташқи иқтисодий фаолияти бўйича раҳбар лавозимларида ишлади. 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб “ЎзРТХБ” АЖ Бошқарув раисининг биржа савдолари, давлат харидлари ва электрон тижоратни ривожлантириш бўйича ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Узоқ йиллик банк ва биржа соҳасидаги фаолияти давомида у ҳамкасблари орасида ўз ишининг профессионал устаси, ғайратли, эътиборли ва самимий дўст сифатида катта ҳурматга сазовор бўлди. У ўзига, раҳбар ва мутахассисларга ҳам жуда талабчан эди.
Унинг бошчилигида биржада ташқи савдо операцияларининг самарали тизими шаклланди, бир қатор хорижий ҳамкорлар ва ҳамкасблар билан дўстона ва ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Николай Юрьевич ҳар доим мижозларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатишга асосий эътибор қаратган, соҳадаги мавжуд камчиликларни ҳал қилишга, шунингдек, халқаро компаниялар ва биржалар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга катта ҳисса қўшган.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси биржа раҳбарияти, барча ходимлари, хорижий ва маҳаллий ҳамкорлари, брокерлик идоралари, савдо майдончалари ва трейдерлар номидан истеъдодли ва ёрқин инсонни йўқотган марҳумнинг оила-аъзолари ва яқин қариндошларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдиради.
Марҳумнинг яқинларига сабр-ирода берсин!
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 2835