Жорий йил 7-8 май кунлари жойларда аҳоли ўртасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раиси – Зиёвиддин Бадриддинов Қашқадарё вилоятида сайёр қабул ва очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбирда қатнашган фуқаролар, ёшлар, тадбиркорлар ва корпоратив мижозлар биржа раҳбари билан бевосита мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтираётган саволларга ва муаммоларни бартараф этишга оид жавоб олдилар. Хусусан, биржанинг Арбитраж комиссияси фаолияти, мижозларга ҳисоб-китоб клиринг хизматини кўрсатиш, форвард шартномалари ва давлат харидлари бўйича тузилган битимларни бажаришга доир масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув мобайнида Зиёвиддин Бадриддинов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг мазмун ва моҳиятини батафсил тушунтириб берди.
Таъкидланганидек, Президент Қарори тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб янги имкониятларни тақдим этади. Хусусан, фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол товарларнинг рўйхати кенгайтирилди. Маҳаллий тадбиркорлар очиқ биржа савдоларида иштирок этиб поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан эркин фойдаланишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.
Сайёр қабулда мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Тадбир якунида биржа аъзоларига жорий йилнинг 6-8 май кунлари ўтказилган малака ошириш ўқув курсини тугатганлик тўғрисидаги махсус сертификатлар топширилди.
Қашқадарё вилоятига уюштирилган хизмат сафари доирасида, биржа раҳбари «Шўртон ГКК» ва «Uzbekistan GTL» заводларига ҳам ташриф уюштирди. Заводлар раҳбарияти билан ўтказилган учрашувлар чоғида Президент ва Ҳукумат қарорлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон қарорига мувофиқ нефть ва газ-қимё маҳсулотларини очиқ биржа савдоларига қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Биржа раҳбариятининг сайёр қабуллари тасдиқланган режага мувофиқ давом эттираверилади.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 2554