Сурхондарё вилоятида сайёр қабул ўтказилди | Новости

06 Май 2021

Жорий йил 6 май куни жойларда аҳоли ўртасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раиси – Зиёвиддин Бадриддинов Сурхондарё вилоятида сайёр қабул ва очиқ мулоқот ўтказди.

Тадбирда қатнашган фуқаролар, ёшлар, тадбиркорлар ва корпоратив мижозлар биржа раҳбари билан бевосита мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтираётган саволларга ва муаммоларни бартараф этишга оид жавоб олдилар. Хусусан, тадбиркорларнинг биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидларида, жисмоний шахсларнинг авторақамлар савдосига тегишли онлайн аукционларда  иштирок этиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, биржада аҳоли ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб янги имкониятлар очилмоқда. Хусусан, 2021 йил 17 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор ички бозорда юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг нархларини сунъий ошириш, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик, тақсимлаш тизими элементларини тугатиш ҳамда биржа савдосини янада фаоллаштириш мақсадида мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол товарларнинг рўйхати кенгайтирилди. Жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб маҳаллий тадбиркорлар очиқ биржа савдоларида иштирок этиб поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан эркин фойдаланишлари мумкин бўлади. Ушбу маҳсулотларнинг аксарият қисми бўйича савдолар ҳозирдан йўлга қўйилиб бўлинган.

Шунингдек, 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик муаммоларини бартараф этади.

Қарорда 2022 йил 1 январга қадар монополист бўлмаган ва устав фондида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган цемент ҳажмининг камида 50 фоизи бозор тамойиллари асосида фақат биржа савдолари орқали сотилиши қайд этилган. Мазкур бозорларда таклиф даражасини оширилиши ички нархларнинг барқарорлашувига хизмат қилади.

Сайёр қабулда мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Сайёр қабул якунлангач, биржа раҳбари Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган биржанинг ҳудуддий савдо майдончалари ва “Сурхонцементинвест” заводига ташриф уюштирди.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида жойлашган ушбу цемент заводининг раҳбарияти билан ўтказилган учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон қарорига мувофиқ цемент маҳсулотларини очиқ биржа савдоларига қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Биржа раҳбариятининг сайёр қабуллари тасдиқланган режага мувофиқ Қорақолпоғистон Республикаси ва республикамизнинг бошқа вилоятларда давом эттираверилади.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 2447