Ўтган ҳафта давомида, яъни 26 апрель – 2 май кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ нинг барча савдо платформаларида 1 817,4 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 10,7% га кўпдир. Бунда сотувларнинг 85,2% - биржа савдолари, 2,7% - кўргазма-ярмарка савдолари, 11,8% - электрон давлат харидлари ва 0,3% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 770,5 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 35,5 млрд сўмлик маблағлари тежалди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 3 049 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 5,2 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 3,6% биринчи тоифадаги авторақамларга, 10,0% иккинчи, 12,0% учинчи, 13,3% тўртинчи, 20,9% бешинчи ва 40,2% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 1 548,5 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:
Пахта ёғи
Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 8 047,0 тонна пахта ёғи қўйилган бўлса, шундан 6 902,0 тонна, яъни 85,8% ҳажмдаги пахта ёғи сотилган. Электрон савдоларда иштирок этган харидорларнинг ўртача кунлик сони 130 кишини ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 15 004,1 минг сўмдан 17 228,7 минг сўмгача, яъни 14,8% га кўтарилди. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси маҳсулотни бир тоннаси учун 16 310,3 минг сўмни ташкил этди.
Шакар
Ўтган ҳафтада биржанинг шакар бозорида нархларнинг пасайиши кузатилди. Хусусан, ҳафта давомида биржа савдоларига 13 650,0 тонна шакар қўйилди ва ушбу ҳажмнинг барчаси, яъни 100% сотилган.
Шу билан бирга, шакар бўйича ўтказилган биржа савдоларида ҳар куни ўртача 123 та харидор қатнашган.
Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 7 675,1 минг сўмдан 7 399,8 минг сўмгача, яъни 3,6% га пасайган. Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 7 521,9 минг сўмни ташкил этди.
Цемент
Биржанинг цемент бозорида ҳам нархларнинг пасайиши давом этмоқда. Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 258 535,0 тонна цемент қўйилди ва улардан 225 981,0 тоннаси, яъни 87,4% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 45,2 минг тоннани ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 575,4 минг сўмдан 569,8 минг сўмгача, яъни 1,0% га пасайди.
Бензин
Ўтган ҳафтада сотувчи корхоналар автомобиль бензинининг биржадаги бошланғич нархларини оширишди. Биржа савдоларига 38 599,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 12 292,0 тоннаси, яъни 31,8% сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 34 харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда сотувчи корхоналар АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 361,8 минг сўмдан 6 474,3 минг сўмгача ёки 1,8% га кўтаришди. Шу муносабат билан, АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг ўртача кунлик нархи ҳам мос тарзда 6 362,1 минг сўмдан 6 475,6 минг сўмгача, яъни 1,8% га, яъни сотувчиларнинг бошланғич нархларини кўтариши ҳисобига ўсди.
Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 6 468,1 минг сўмни, АИ-91 – 7 723,8 минг сўмни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 2408