Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг расмий uzex.uz вебсайти янгиланди ва синов тариқасида ишга туширилди.
Вебсайтнинг редизайни биржа фаолиятининг шаффофлигини янада ошириш, унинг таркибий тузилмасини оптималлаштириш, вебсайтдан фойдаланишни соддалаштириш ва унинг функционал имкониятларини кенгайтириш мақсадида амалга оширилди.
Муҳим маълумотлар ва фойдали сервислар вебсайтнинг асосий саҳифасига жойлаштирилди. Хусусан, фойдаланувчилар биржа савдолари ва онлайн-аукционда иштирок этиш тартиби ҳақидаги видео кўрсатмалар, биржа котировкалари, энг сўнгги янгиликлар ҳамда эълонлар билан танишишлари мумкин.
Бош саҳифа орқали, шунингдек, электрон савдоларда иштирок этиш учун зарур бўлган гаров маблағи миқдорини ҳисоблаб берувчи калькулятор каби барча интерактив хизматлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, савдо иштирокчилари вебсайт орқали ягона онлайн-рўйхатдан ўтиш ва тўғридан-тўғри биржанинг зарур бўлган савдо тизимига ўтиш каби имкониятларга ҳам эга.
Вебсайтнинг ички саҳифаларининг дизайни ҳам ўзгартирилиб, унинг қулай ва содда навигацияси ҳам жорий этилди. Вебсайтга, шунингдек, янги ахборот баннерлари ва барча товар позицияларнинг нархлар динамикасини график шаклда кузатиш функциялари қўшилди.
Янгиланган вебсайт синов тариқасида ишга туширилган. Айни вақтда фойдаланувчилар учун сайтнинг аввалги талқини ҳам хизмат қилмоқда. Янги кўринишга эга бўлган сайтни янада такомиллаштиришга қаратилган ишлар ҳали давом этмоқда, жумладан, яна ўзгаришлар киритилиши ва қўшимча қулайликлар қўшилиши кутилмоқда.
Биржанинг интернет-ресурсларини янгилаш компаниянинг биржа савдолари ва электрон тижорат соҳасида етакчилик қилиш стратегиясининг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади. Вебсайтга киритилган барча ўзгаришлар фойдаланувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш ва унинг мақсадли аудиториясини кенгайтиришга қаратилган.
Маълумот учун: Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг расмий uzex.uz сайти ташриф буюрувчиларнинг сони бўйича электрон тижорат йўналишида иккинчи ўринни эгалайди. Ҳар куни вебсайтга ўртача 18 000 та ноёб фойдаланувчи ташриф буюради.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 3282