Бухорода навбатдаги оммавий тадбир ўтказилди | Новости

28 Май 2021

2021 йил 28 май куни Бухоро вилоятида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакилларининг вилоят тадбиркорлари ва ёшлар билан навбатдаги учрашуви ўтказилди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳамда ёшларни трейдерлик касби билан таништиришдан иборат бўлди.

Семинарда ёшлар, тадбиркорлар, вилоят Молия бошқармаси ходимлари, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси ходимлари, электрон савдолар иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар, журналистлар ва бошқа кенг жамоат вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, янги Қарор бизнес вакиллари, шу жумладан ёш тадбиркорлар учун бир қатор янги имкониятларни тақдим этади.

Хусусан, улар томонидан поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан фойдаланиш кенгайтирилади.

Айни пайтда мазкур товар позицияларнинг аксарияти бўйича очиқ биржа савдолари ўтказила бошланган. Хусусан, истеъмол ва техник этил спиртининг асосий харидорлари биржада аккредитациядан ўтди.

Шунингдек, жорий йилда биржанинг цемент, пахта чигити, пахта ёғи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари сегментларида хусусий корхоналарнинг қўшимча ишлаб чиқариш ҳажмлари эвазига таклиф даражасининг ўсиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу бозорларда биржа нархларининг барқарорлашувига хизмат қилади.

Жорий йил 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.

Портални тўлиқ ишга туширилиши юк ташувчилар бозорида рақобат муҳитини шакллантиради ва ушбу соҳада шаффофликни таъминлайди. Харидорлар бошланғич нархларни пасайишга қаратилган аукцион ҳисобига ўз харажатларини мақбуллаштиришга муваффақ бўладилар. Харидорлар электрон навбатининг шакллантирилиши биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик каби юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этади.

Тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги ягона портал ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди.

Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.

Янги порталнинг бошқа афзалликларига мижозларни ягона рўйхатдан ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварақ хизматлари киради. Эндиликда тадбиркорлар биржада бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.

Учрашувда биржа раҳбарлари Бухоро филиалида биржа трейдинги бўйича ўтказилаётган бепул ўқув курсларида ўқиш учун ёшларни таклиф қилишди. Мазкур ўқув курсларида ёшлар брокерлик касбини эгаллашда зарур бўладиган назарий ва амалий билимларни олишлари мумкин.

Маърузачиларнинг чиқишлари давомида ёшлар, тадбиркорлар, журналистлар ва соҳа мутахассисларининг иштирокида савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди.

Курилди: 2798