Жорий йил 30 апрелда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари – Товар бозорларини таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш маркази директори Набихон Саматов Бухоро вилоятида сайёр қабул ўтказди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган сайёр қабулда жойларда аҳоли ўртасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш зарур чора-тадбирларини ўрганиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда фуқаролар, тадбиркорлар, бюджет ташкилотларининг вакиллари, биржанинг Электрон тижоратни ривожлантириш ва харидларни ташкил этиш бўлими бошлиғи, Бухоро филиали раҳбарияти, мутахассислари ва брокерлари ҳам иштирок этдилар.
Учрашув аввалида Набихон Саматов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг мазмун ва моҳиятини батафсил тушунтириб берди.
Сайёр қабулда таъкидланганидек, Президент Қарори тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб янги имкониятларни тақдим этади. Хусусан, фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол товарларнинг рўйхати кенгайтирилди. Жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб маҳаллий тадбиркорлар очиқ биржа савдоларида иштирок этиб поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан эркин фойдаланишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.
Сайёр қабулда давлат харидлари масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Хусусан янги таҳрирдаги «давлат харидлари тўғрисида»ги қонунида белгиланган ўзгаришлар тўғрисида сўз юритилди. Таъкидланишича, ҳужжат бенефициар мулкдор, манфаатлар тўқнашуви, тендер савдолари каби тушунчалар билан тўлдирилган. Бундан ташқари, қонунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари тушунчасига аниқлик киритилди ҳамда харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қайта кўриб чиқилди.
Жорий йилда буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг электрон давлат харидларида иштирок этишини енгиллаштириш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан давлат харидлари бўйича янги ягона портал – xarid.uzex.uz ишга туширилди.
Мазкур порталда давлат харидларининг барча шакллари, жумладан, электрон аукцион ва дўкон, танлов ва тендерлар бирлаштирилди. Янги порталга, шунингдек, ягона онлайн рўйхатдан ўтиш ва ягона ҳисобварақдан фойдаланиш каби қулайликлар киритилди.
Шунингдек, тадбирда биржа мижозларига сифатли хизмат кўрсатиш, интерактив хизматлар сонини кўпайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 3381