Биржада трейдерлар малакасини ошириш бўйича ўқув семинарлар бошланди | Новости

24 Апр 2021

Жорий йил 22-24 апрель кунлари Фарғона вилоятида биржа аъзоларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида трейдерлар, брокерлар ва савдо майдончалари учун ўқув-амалий семинарлар ўтказилди.

Ўқув семиналари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17 мартдаги ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифаларни бажариш доирасида амалга оширилмоқда.

Семиналарда жами қарийб 400 та трейдерлар, 100 дан зиёд брокерлик идоралари ва вилоят туманларида жойлашган 47 та савдо майдончаларининг ходимлари иштирок этишди.

Машғулотлар махсус ишлаб чиқилган дастур асосида тўғридан-тўғри ва zoom онлайн алоқа воситаси орқали тақдимотлар, савол-жавоблар ва эркин мулоқот шаклида ўтказилди. Хусусан, ўқув дастур ўз ичига биржа савдолари меъёрий-ҳуқуқий асослари, биржа фаолияти ва савдолари тизимлари, ҳисоб-китоб клиринг палатаси, биржа битимлари ва комиссиялари каби долзарб мавзуларни қамраб олган.

Семинарлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17 мартдаги ПҚ-5031-сон қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди ҳамда биржа савдолари ва онлайн-аукционларни ўтказиш тартиблари, биржанинг ташқи савдо операциялари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Шу билан бирга, семинар иштирокчилари давлат харидлари соҳаси, электрон логистика портали, форвард ва фьючерс савдолари бўйича янги билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.

Шунингдек, жаҳон молия ва товар бозорлари, электрон тижоратнинг янги трендлари, савдоларда ахборот технологиялари ва рақамли маркетинг имкониятларидан фойдаланиш бўйича алоҳида тақдимотлар ўтказилди.

Тадбирлар якунида тингловчиларга малака ошириш курсини тугатганлик тўғрисидаги махсус сертификатлар топширилди. Бундай ўқув семинарлари тасдиқланган жадвалга мувофиқ республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиши кўзда тутилган.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 2265