2021 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг ижроси” мавзусида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг матбуот анжумани ташкил этилди ва тадбир марказий телеканалларда тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Президент Қарори тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб янги имкониятларни тақдим этади. Хусусан, улар томонидан поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан фойдаланиш кенгайтирилади.
Айни пайтда мазкур товар позицияларнинг аксарияти бўйича очиқ биржа савдолари ўтказила бошланган. Жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб этил спирти, нефть ва газ конденсатини биржа савдоларига қўйилиши режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йилда биржанинг цемент, пахта чигити, пахта ёғи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари сегментларида хусусий корхоналарнинг қўшимча ишлаб чиқариш ҳажмлари эвазига таклиф даражасининг ўсиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу бозорларда биржа нархларининг барқарорлашувига хизмат қилади.
Жорий йил 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.
Бугунги кунда биржа логистик компаниялар билан биргаликда мазкур порталнинг электрон савдо тизимларини такомиллаштириш ишларини амалга оширмоқда.
Портални тўлиқ ишга туширилиши юк ташувчилар бозорида рақобат муҳитини шакллантиради ва ушбу соҳада шаффофликни таъминлайди. Харидорлар бошланғич нархларни пасайишга қаратилган аукцион ҳисобига ўз харажатларини мақбуллаштиришга муваффақ бўладилар. Харидорлар электрон навбатининг шакллантирилиши биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик каби юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этади.
Қарор билан Товар-хом ашё биржаси фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги ягона портал ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди.
Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.
Янги порталнинг бошқа афзалликларига мижозларни ягона рўйхатдан ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварақ хизматлари киради. Эндиликда тадбиркорлар биржада бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.
“Йўл харитаси”да коррупцияга қарши курашиш, биржа ходимлари ва аъзоларининг малакасини ошириш чоралари ҳам белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, 2021 йил 2 апрелда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ “Коррупцияга қарши курашиш менеджменти тизими” ISO 37001:2016 халқаро стандарти бўйича сертификатга эга бўлди. Ушбу сертификат биржа фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олади ҳамда коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш, зарур чораларни кўриш ҳамда коррупция хавфини камайтиришга йўналтирилган мақбул ва аниқ мезонли чора-тадбирларни назарда тутади.
Бундан ташқари, биржада @uzexanticorruptionbot аноним Telegram-боти фаолият юритмоқда. Мазкур бот орқали фойдаланувчилар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида коррупция ҳолатлари билан тўқнашганлиги юзасидан ўзларининг аноним хабарларини юборишлари мумкин.
Шу билан бирга, биржа томонидан жойларда ва видеомулоқот орқали мунтазам равишда биржа аъзолари учун ўқув семинарлари, мазкур Қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш учун тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.
2021 йил I-чорак якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 47,5% га ўсиб, қарийб 18,0 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 89,2% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келади.
Тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг I-чораги билан солиштирганда 34,6% га ўсиб, 6 615,5 млрд сўмни ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида электрон давлат харидлари бўйича 1 374,4 млрд сўмлик битимлар тузилиб, ўсиш даражаси 74,7% ни ташкил этди. Бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағлари тежалиши 54,2% га ўсиб, 276,7 млрд сўмни ташкил қилди.
Матбуот анжумани давомида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 3524