UZEX ҳафталик дайджести (12 – 18 апрель) | Новости

19 Апр 2021

Ўтган ҳафта давомида, яъни 12 – 18 апрель кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ нинг барча савдо платформаларида 1 708,0 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 2,3% га камдир. Бунда сотувларнинг 86,8% - биржа савдолари, 2,2% - кўргазма-ярмарка савдолари, 10,6% - электрон давлат харидлари ва 0,4% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 606,3 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 34,9 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 3 290 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 6,1 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 3,5% биринчи тоифадаги авторақамларга, 10,0% иккинчи, 12,6% учинчи, 13,8% тўртинчи, 21,1% бешинчи ва 39,0% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 1 482,9 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:

Пахта ёғи

Ўтган ҳафтада биржа савдолари орқали 2 079,0 тонна пахта ёғи сотилган бўлиб, бу аввалга ҳафтага нисбатан 2,4 маротабага камдир. Шу билан бирга, электрон савдоларда иштирок этган харидорларнинг ўртача кунлик сони ҳам 214 дан 155 гача қисқарди.

Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 16 489,3 минг сўмдан 16 042,0 минг сўмгача, яъни 2,7% га пасайди.

Бугунги кунда пахта ёғининг ички нархларини барқарорлаштириш мақсадида биржада бозор усулларидан фойдаланилмоқда. Жумладан, талаб ва таклифнинг мутаносиблигини қўллаб-қувватлаш мақсадида биржа савдоларига импорт қилинган ўсимлик ёғи ҳам қўйиб борилмоқда.

Айни пайтда биржанинг хорижий савдо майдончлари орқали ҳар куни Беларуснинг 116 тонна ўсимлик ёғлари ва Украинанинг 60 тонна кунгабоқар ёғи биржа савдоларига қўйилмоқда.

Бундан ташқари, биржа вакиллари Россия ўсимлик ёғининг ишлаб чиқарувчилари билан ҳам уларнинг маҳсулотларини очиқ биржа савдоларига қўйилиши юзасидан музокаралар олиб боришмоқда.

Шакар

Биржанинг шакар бозорида ички талаб юқори даражада сақланмоқда. Хусусан, ҳафта давомида биржа савдоларига 8 665,0 тонна шакар қўйилди ва ушбу ҳажмнинг барчаси, яъни 100% сотилган.

Шу билан бирга, шакар бўйича ўтказилган биржа савдоларида ҳар куни ўртача 128 та харидор қатнашган ва бу аввалги ҳафтага нисбатан 64,1% га кўпдир.

Буларнинг натижасида кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 7 319,1 минг сўмдан 7 864,9 минг сўмгача, яъни 7,4% га ўсган. Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 7 696,9 минг сўмни ташкил этди.

Цемент

Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 241 266,0 тонна цемент қўйилди ва улардан 217 669,0 тоннаси, яъни 90,2% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 43,5 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 576,3 минг сўмдан 568,6 минг сўмгача, яъни 1,3% га пасайди.

Бензин

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 40 426,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 15 749,1 тоннаси, яъни 38,9% сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 27 харидор иштирок этди. Ҳафта давомида автомобиль бензин деярли ўзининг бошланғич қийматида сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда сотувчи корхоналар АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 323,6 минг сўмдан 6 403,7 минг сўмгача ёки 1,3% га кўтаришди. Шу муносабат билан, АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг ўртача кунлик нархи ҳам 6 324,9 минг сўмдан 6 404,1 минг сўмгача, яъни 1,3% га, яъни сотувчиларнинг бошланғич нархлари ҳисобига ўсди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 6 176,1 минг сўмни, АИ-91 – 7 440,3 минг сўмни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 2885