UZEX ҳафталик дайджести (5 – 11 апрель) | Новости

12 Апр 2021
Ўтган ҳафта давомида, яъни 5 – 11 апрель кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ нинг барча савдо платформаларида 1 748,7 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 23,1% га кўпдир. Бунда сотувларнинг 86,5% – биржа савдолари, 4,8% – кўргазма-ярмарка савдолари, 8,4% – электрон давлат харидлари ва 0,3% – авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.
 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 585,1 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 29,1 млрд сўмлик маблағлари тежалди.
 
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида биржанинг онлайн-аукциони орқали 3 176 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 5,3 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 3,4% биринчи тоифадаги авторақамларга, 9,7% – иккинчи, 10,6% – учинчи, 13,1% – тўртинчи, 20,0% – бешинчи ва 43,1% – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.
 
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 1 512,8 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:
 
Пахта ёғи
Ўтган ҳафтада биржа савдолари орқали 4 917,0 тонна пахта ёғи сотилган бўлиб, бу аввалга ҳафтага нисбатан 29% га кўпдир. Ташқи бозорларда кунгабоқар ёғи ва уруғи нархларининг ошиши натижасида пахта ёғининг ички бозорида ҳам талабнинг сезиларли даражада ўсиши кузатилмоқда.
 
Хусусан, ўтган ҳафтада ўтказилган биржа савдоларида ҳар куни иштирок этган харидорларнинг сони аввалги ҳафтага нисбатан 2,2 маротабага ўсиб, ўртача 214 та мижозни ташкил қилди.
 
Шу билан бирга, ўтган ҳафтада биржада пахта ёғининг ўртача бошланғич нархлари сотувчи корхоналар томонидан маҳсулотнинг бир тоннаси учун 11 737,8 минг сўмдан 13 533,7 минг сўмгача, яъни 15,3% га кўтарилди.
 
Юқоридагиларга асосан, кўриб чиқилаётган даврда пахта ёғининг биржадаги кунлик ўртача нархлари 13 018,6 минг сўмдан 15 025,6 минг сўмгача, яъни 15,4% га ўсган.
 
Бугунги кунда пахта ёғининг ички нархларини барқарорлаштириш мақсадида биржада бозор усуллари қўлланилмоқда. Жумладан, биржа савдоларига қўйилаётган пахта ёғининг ҳажмлари босқичма-босқич кўтарилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб биржа савдоларига қўшимча давлат захира пахта ёғлари қўйила бошланган.
 
Шунингдек, талаб ва таклифнинг мутаносиблигини қўллаб-қувватлаш мақсадида биржа савдоларига импорт қилинган ўсимлик ёғи ҳам қўйиб борилмоқда. Айни пайтда биржанинг Беларусь Республикасидаги хорижий савдо майдончаси орқали ҳар куни 116 тонна ўсимлик ёғи қўйилмоқда. Яқинда биржа савдоларига қўшимча равишда Украина ишлаб чиқарувчиларнинг ўсимлик ёғини қўйилиши ҳам кутилмоқда.
 
Шакар
Ички талабнинг кўтарилиши биржанинг шакар бозорида ҳам кузатилмоқда. Ҳафта давомида биржа савдоларига 14 557,0 тонна шакар қўйилди ва улардан 13 152,0 тоннаси, яъни 90,3% сотилди. Шакар бўйича ўтказилган биржа савдоларида иштирок этган харидорларнинг сони аввалги ҳафтага нисбатан ўртача 38 тадан 78 та мижозгача ўсди.
 
Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 973,1 минг сўмдан 7 232,9 минг сўмгача, яъни 3,7% га кўтарилган. Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 7 204,7 минг сўмни ташкил этди.
 
Цемент
Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 247 576,0 тонна цемент қўйилди ва улардан 228 849,0 тоннаси, яъни 92,4% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 45,8 минг тоннани ташкил қилди.
 
Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 556,6 минг сўмдан 590,2 минг сўмгача, яъни 6,0% га кўтарилди. 
 
Бензин
Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 32 328,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 16 797,4 тоннаси, яъни 51,9% сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 36 харидор иштирок этди. Ҳафта давомида автомобиль бензин деярли ўзининг бошланғич қийматида сотилди.
 
Кўриб чиқилаётган даврда сотувчи корхоналар АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 247,5 минг сўмдан 6 308,3 минг сўмгача ёки 1,0% га кўтаришди. Шу муносабат билан, АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг ўртача кунлик нархи ҳам 6 248,2 минг сўмдан 6 308,6 минг сўмгача, яъни 1,0% га кўтарилди.
 
Ўтган ҳафтада АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 6 249,6 минг сўмни, АИ-91 – 7 385,2 минг сўмни ташкил этди.
 
Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 3276