2021 йил 1 апрель куни Сирдарё вилоятида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан “Биржада тадбиркорлик субъектлари ва ёшлар учун яратилаётган янги имкониятлар” мавзусида брифинг ўтказилди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳамда ёшларни трейдерлик касби билан таништиришдан иборат бўлди.
Семинарда 100 дан зиёд ёшлар, тадбиркорлар, вилоят Молия бошқармаси ходимлари, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси ходимлари, электрон савдолар иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар, журналистлар ва бошқа кенг жамоат вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, янги Қарор бизнес вакиллари, шу жумладан ёш тадбиркорлар учун бир қатор янги имкониятларни тақдим этади.
Хусусан, фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг рўйхати кенгайтирилди. Янги рўйхатга поливинилхлорид (ПВХ), формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби товарлар киритилган. Тадбиркорлар мазкур товарларни бозор тамойилларига асосланган шаффоф биржа савдолари орқали эркин сотиб олишлари мумкин.
Бундан ташқари, йил охиригача монопол бўлмаган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг камида 50 фоизини, пахтадан олинган чигит, пахта мойи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) ишлаб чиқарувчи эса ўз маҳсулотлари ҳажмининг 100 фоизини биржа орқали сотишлари лозим. Ушбу бозорларда таклиф ҳажмининг ошиши натижасида биржа нархларининг барқарорлашувига эришилади.
Товар-хом ашё биржаларнинг хориждаги савдо майдончаларида тузилган битимлар бўйича товарларнинг божхона қийматини аниқлаш фақат мазкур битимларда белгиланган қиймат бўйича амалга оширилади. Бу импорт товарларнинг нархига ижобий таъсир кўрсатиб, ички нархларнинг барқарор бўлишига хизмат қилади.
Жорий йил 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали – transport.uzex.uz орқали аукцион тартибида амалга оширилади.
Янги Қарор билан Товар-хом ашё биржаси фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Жумладан, биржа томонидан биржа савдолари ва ҳисоб-китоб клиринг хизматларининг янги тизимлари ишлаб чиқилмоқда. Янги электрон тизимлар биржа савдолари жараёнларини автоматлаштириш ва уларда иштирок этишни соддалаштириш ҳамда уларнинг ахборот хавфсизлигини оширишга хизмат қилади.
Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг янги тизими жорий этилмоқда. Бунда давлат харидларнинг барча турлари xarid.uzex.uz ягона порталда бирлаштирилмоқда.
Мазкур портал буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг давлат харидлари бўйича электрон савдоларда иштирок этишини янада енгиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди.
Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.
Янги порталнинг бошқа афзалликларига мижозларни ягона рўйхатдан ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварақ хизматлари киради. Эндиликда тадбиркорлар биржада бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.
Яқин орада давлат харидлари бўйича ягона порталнинг мобиль дастури ҳам ишга туширилиши кутилмоқда. Натижада мобиль қурилмалар орқали ҳам онлайн-савдоларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлади.
Қўшимча саволлар юзага келган тақдирда иштирокчилар исталган вақтда биржанинг Call-марказига (71) 207-00-33 телефон рақами ёки @uzexfeedbackbot Telegram-бот орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Учрашувда биржа раҳбарлари Сирдарё филиалида биржа трейдинги бўйича ўтказилаётган бепул ўқув курсларида ўқиш учун ёшларни таклиф қилишди. Мазкур ўқув курсларида ёшлар брокерлик касбини эгаллашда зарур бўладиган назарий ва амалий билимларни олишлари мумкин.
Брифинг давомида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистлар, тадбиркорлар ва бошқа иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 3737