Давлат харидлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди | Новости

09 Мар 2021

Жорий йил 9 март куни Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ томонидан “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва шаффофлигини ошириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Мазкур анжуман марказий телеканаллар орқали тўғридан-тўғри эфир орқали трансляция қилинди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни  давлат харидлари соҳасидаги янгиликлар ва кутилаётган ўзгаришлар билан таништиришдан иборат бўлди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Ўзбекистонда давлат харидлари тизимини такомиллаштиришнинг асосий вазифаси давлат харидларининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, бу соҳага тадбиркорлик субъектларини кенгроқ жалб қилишдир.

Айни вақтда давлат харидларининг шаффофлиги давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали орқали таъминланмоқда, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси эса ушбу порталнинг оператори ҳисобланади.

Порталда давлат харидлари бўйича барча маълумотлар, шу жумладан ўтказилган давлат харидлари натижалари чоп этилади, шунингдек, улар бўйича онлайн-савдолар ҳам ташкил этилади. Маълумот учун, танлов ва тендерлар ўтган йилдан буён биржанинг etender.uzex.uz вебсайтида электрон шаклда ўтказилмоқда.

Давлат харидлари соҳасида давлат томонидан тартибга солиш давлат харидлари бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Давлат харидлари бўйича электрон тизимда 100,0 мингдан зиёд товар етказиб берувчилар рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг барчаси тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.

2021 йилнинг январь-февраль ойларида давлат харидларнинг махсус ахборот портали www.xarid.uz да жами 763,9 млрд сўмлик 117 мингдан зиёд битимлар тузилди. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда тузилган битимлар сон жиҳатдан 26,5% га, қиймати бўйича 70,5% га ўсган.

Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши 2020 йилга нисбатан 47,1% га ўсиб, 153,9 млрд сўмни ташкил қилди.

Савдоларни катта ҳажми электрон аукцион (52%) ва электрон дўкон (20%) да амалга оширилган. “Milliydo’kon” ва etender.uzex.uz электрон танлов ва тендер янги савдо тизимларининг улушлари эса мос тарзда 11% ва 17% ни ташкил қилди. Хусусан, электрон танлов ва тендерларнинг ҳажми – 127,6 млрд сўм, пул маблағларининг тежалиши – 7,8 млрд сўмни ташкил этди.

Ўтказилган барча электрон давлат харидлари ҳажмининг 32% улуши бюджет буюртмачиларига, 68% улуши корпоратив буюртмачиларга тўғри келган.

Энг кўп давлат харидлари соғлиқни сақлаш соҳаси (93,8 млрд сўм), олий ва ўрта махсус таълими (18,6 млрд сўм) ва халқ таълими тизимлари (18,5 млрд сўм) да амалга оширилган.

Ҳудудлар кесимида энг йирик битимлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (46%), Навоий (6%), Сирдарё (6%), ва Фаргона (5%)  вилоятларида тузилган.

Кўриб чиқилаётган даврда давлат харидларининг электрон тизимида келиб чиққан мунозарали масалалар бўйича ундирилган жарималарнинг умумий ҳажми қарийб 1,1 млрд сўмни ташкил этди. Бунда жарималарнинг 95% корпоратив буюртмачилардан, 5% эса товар етказиб берувчилардан ундирилган.

Шуни таъкидлаш керакки, буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг электрон давлат харидларида иштирок этишини енгиллаштириш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан давлат харидлари бўйича янги ягона портал – xarid.uzex.uz ишга туширилди.

Биржанинг янги портали замонавий дизайн ва қулай интерфейс, интерактив бошқарув панели ва содда навигацияга эга. Давлат харидларининг барча шакллари, жумладан, электрон аукцион ва дўкон, танлов ва тендерлар ягона порталга бирлаштирилди.

Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилди. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.

Шунингдек, янги портал орқали мижозларни ягона онлайн рўйхатдан ўтказиш ҳам мумкин. Бундан аввал мижозларни рўйхатга олиш биржанинг ҳар бир платформаси учун алоҳида амалга оширилган бўлса, эндиликда бунинг учун бир маротаба рўйхатдан ўтишнинг ўзи кифоя.

Бундан ташқари, аввал буюртмачилар ва етказиб берувчилар биржа платформаларида савдо қилиш учун ҳар хил шахсий ҳисобварақдан фойдаланишган. Бугунги кунга келиб эса давлат харидлари бўйича барча ҳисоб-китоблар биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги битта ҳисобварағи орқали амалга оширилади.

Қўшимча равишда ҳар бир эълон ҳақида барча маълумотларни ўрганиб чиқиш имконини берувчи лотлар харитаси – Roadmap ишга туширилди. Бу орқали лотнинг жойлаштирилган ва якунланиш санаси ҳақида, шунингдек, буюртма модерацияси ва савдо ғолиби ҳақидаги батафсил маълумотларни олиш мумкин.

Янги портал давлат харидлари соҳасидаги Шикоятлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш комиссиясига мурожаат ёки шикоятларни электрон шаклда жўнатиш имконини беради. Савдо иштирокчилари етказиб берувчилар ва товарларга баҳо бериш тизимидан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Яқин орада давлат харидлари бўйича ягона порталнинг мобиль дастури ҳам ишга туширилиши кутилмоқда. Натижада мобиль қурилмалар орқали ҳам онлайн-савдоларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлади.

Қўшимча саволлар юзага келган тақдирда иштирокчилар исталган вақтда биржанинг Call-марказига (71) 207-00-33 телефон рақами ёки @uzexfeedbackbot Telegram-бот орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Яқин келажакда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари” тўғрисидаги Қонуни янги таҳрирда қабул қилиниши кутилмоқда. Янги таҳрирдаги қонун давлат ҳаридлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган очиқ ва ошкора, самарали ва яхлит тизимни яратади.

Матбуот анжумани давомида биржа ва Молия вазирлиги вакиллари журналистлар ва иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 4076