Хоразм вилоятида Президент Қарори бўйича йиғилиш ўтказилди | Новости

25 Мар 2021
25 март куни Хоразм вилоятининг Хонқа туманида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси раҳбарияти томонидан вилоят тадбиркорлари ва ёшлари учун семинар ташкил этилди.
 
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш, шунингдек ёшларни трейдерлик касби билан таништиришдан иборат бўлди.
 
Семинарда 150 дан зиёд ёшлар, тадбиркорлар, вилоят Молия бошқармаси ходимлари, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси ходимлари, электрон савдолар иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар, журналистлар ва бошқа кенг жамоат вакиллари иштирок этдилар.
 
 
 
 
Йиғилишда таъкидланганидек, янги қабул қилинган ҳукумат қарори товарлар нархларининг сунъий равишда оширилиши ва товар танқислигини олдини олиш, тақсимлаш тизими элементларини тугатиш ва биржа савдосини янада фаоллаштиришга қаратилган.
 
Ҳужжатга кўра, фақатгина биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг рўйхати кенгайтирилди. Янги рўйхатга поливинилхлорид (ПВХ), формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби товарлар киритилган. Тадбиркорлар мазкур товарларни бозор тамойилларига асосланган шаффоф биржа савдолари орқали эркин сотиб олишлари мумкин.
 
Бундан ташқари, йил охиригача монопол бўлмаган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг камида 50 фоизини, пахтадан олинган чигит, пахта мойи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) ишлаб чиқарувчи эса ўз маҳсулотлари ҳажмининг 100 фоизини биржа орқали сотишлари лозим. Ушбу бозорларда таклиф ҳажмининг ошиши натижасида биржа нархларининг барқарорлашувига эришилади.
 
Товар-хом ашё биржаларнинг хориждаги савдо майдончаларида тузилган битимлар бўйича товарларнинг божхона қийматини аниқлаш фақат мазкур битимларда белгиланган қиймат бўйича амалга оширилади. Бу импорт товарларнинг нархига ижобий таъсир кўрсатиб, ички нархларнинг барқарор бўлишига хизмат қилади.
 
Жорий йил 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали – transport.uzex.uz орқали аукцион тартибида амалга оширилади.
 
Тадбир давомида алоҳида тақдимот давлат харидлари бўйича янги ягона портал - xarid.uzex.uz га бағишланди. Мазкур портал буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг давлат харидлари бўйича электрон савдоларда иштирок этишини янада енгиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди.
 
 
 
Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.
 
Шунингдек, янги портал орқали мижозларни ягона онлайн рўйхатдан ўтказиш ҳам мумкин. Бундан аввал мижозларни рўйхатга олиш биржанинг ҳар бир платформаси учун алоҳида амалга оширилган бўлса, эндиликда бунинг учун бир маротаба рўйхатдан ўтишнинг ўзи етарли.
 
Бундан ташқари, аввал буюртмачилар ва етказиб берувчилар биржа платформаларида савдо қилиш учун ҳар хил шахсий ҳисобварақдан фойдаланишган. Бугунги кунга келиб эса давлат харидлари бўйича барча ҳисоб-китоблар биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги битта ҳисобварағи орқали амалга оширилади.
 
 
 
 
 
Учрашув давомида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг Хоразм филиали трейдерлари ўз фаолиятлари хусусида сўзлаб бердилар. Семинар иштирокчилари брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан танишдилар.
 
Таъкидланганидек, биржада 1000 дан ортиқ брокерлик идоралари ва 3000 дан зиёд трейдерлар фаолият юритмоқда. Брокерлик идораси юридик шахс номига расмийлаштирилади, унинг ходимлари эса трейдерлар ҳисобланади. Брокерлик идорасини очиш учун биржада аккредитациядан ўтиш ва биржа хизматлари учун тўловларни амалга оширишнинг ўзи кифоя. Шунингдек, ҳар бир трейдер биржа савдоларининг электрон тизимига киритилиши учун тест синовидан ўтиши талаб этилади.
 
Биржа вакиллари Хоразм филиалида биржа трейдинги бўйича ўтказилаётган бепул ўқув курсларида ўқиш учун ёшларни таклиф қилишди. Мазкур ўқув курсларида ёшлар брокерлик касбини эгаллашда зарур бўладиган назарий ва амалий билимларни олишлари мумкин.
 
Умуман олганда, 2021 йил январь-февраль якунига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 11,3 трлн сўмга тенг битимлар имзоланган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45,6% га ортиқ эканлигини кўрсатди.
 
Семинар якунида биржа мутахассислари ва масъул ташкилотлар вакилллари ёшлар, тадбиркорлар ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 3913