Биржа фаолиятини янада ривожлантириш бўйича Президент Қарори қабул қилинди | Новости

18 Мар 2021

Ноҳалол тадбиркорлик субъектлари томонидан ички бозорда юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг нархларини сунъий ошириш, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик, тақсимлаш тизими элементларини тугатиш ҳамда биржа савдосини янада фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ 2021 йил 15 июндан бошлаб монополист корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган поливинилхлорид (ПВХ), формалин, истеъмол этил спирти, техник этил спирт, кумуш каби товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида реализация қилинади.

Шунингдек, биржанинг товар бозорларида талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлаш мақсадида жорий йил охирига қадар монополист бўлмаган, давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши умуман мавжуд бўлмаган корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлари ҳам очиқ биржа савдолари орқали сотилиши белгиланмоқда.

Хусусан, цемент ишлаб чиқарувчиларнинг камида 50%, чигит, пахта ёғи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари ишлаб чиқарувчиларнинг 100% маҳсулотлари шаффоф биржа савдолари орқали сотилади.

Биржанинг хорижий савдо майдончалари орқали тузилган битимлари бўйича товарларнинг божхона қийматини аниқлаш фақат мазкур битимларда белгиланган қиймат бўйича амалга оширилиши белгиланди. Бу эса импорт қилинаётган товарнинг таннархига ижобий таъсир қилиб, ички бозорлардаги нархларнинг барқарорлашувига кўмак беради.

2021 йил 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик муаммоларини бартараф этади.

Янги Қарор билан Товар-хом ашё биржаси фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди, унга кўра бир қатор қуйидаги вазифалар белгиланди:

  • Биржа савдолари ва ҳисоб-китоб клиринг хизматларининг янги тизимлари ишлаб чиқилади ва амалиётда татбиқ этилади. Янги электрон тизимлар биржа савдолари жараёнларини автоматлаштириш ва уларда иштирок этишни соддалаштириш ҳамда уларнинг ахборот хавфсизлигини оширишга хизмат қилади.
  • Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг янги тизими жорий этилмоқда. Бунда давлат харидларнинг барча турлари ягона порталда бирлаштирилмоқда.
  • Биржа савдоларида товар деривативалари, жумладан фьючерс шартномаларини жорий этилиши кутилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад нархларларнинг ўзгарувчанлигидан ҳимояланиш (хеджерлаш), бозорда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш, товарга бозор нархини шакллантириш, иқтисодиётга бўш маблағлар ва хорижий инвесторларни жалб қилиш имконини яратади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида Монополияга қарши курашиш қўмитасига ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш чоралари ҳам кўрилади.

Мазкур Қарорнинг тўлиқ матни билан “ЎзРТХБ” АЖ расмий вебсайтининг Меъёрий-ҳуқуқий актлар бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 3432