Навоий вилоятида ёшлар ва тадбиркорлар билан навбатдаги учрашув ўтказилди | Новости

12 Мар 2021

Жорий йил 12 март куни Навоий шаҳрида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакилларининг ёшлар ва тадбиркорлар билан навбатдаги учрашуви ўтказилди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ёшларни биржада трейдерлик касби билан ва тадбиркорларни эса давлат харидлари бўйича янги ягона портал билан таништиришдан иборат бўлди.

Семинарда 50 дан зиёд ёшлар, тадбиркорлар, вилоят Молия бошқармаси, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси ходимлари, электрон савдолар иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар, журналистлар ва бошқа кенг жамоат вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати давомида тадбир иштирокчилари биржа, брокерлик идоралари фаолиятлари ва биржанинг ҳар бир савдо тизими, хусусан давлат харидлари электрон тизимининг ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдилар. Навоий вилоятининг ҳар бир туманида жойлашган биржа савдо майдончаларининг жойлашуви ва уларнинг аниқ манзиллари алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Навоий филиалида фаолият олиб борувчи трейдерлар ўз фаолиятлари ҳақида сўзлаб бердилар. Семинар иштирокчилари брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан танишдилар.

Таъкидланганидек, биржада 1000 дан ортиқ брокерлик идоралари ва 3000 дан зиёд трейдерлар фаолият юритмоқда. Брокерлик идораси юридик шахс номига расмийлаштирилади, унинг ходимлари эса трейдерлар ҳисобланади. Брокерлик идорасини очиш учун биржада аккредитациядан ўтиш ва биржа хизматлари учун тўловларни амалга оширишнинг ўзи кифоя. Шунингдек, ҳар бир трейдер биржа савдоларининг электрон тизимига киритилиши учун тест синовидан ўтиши талаб этилади.

Биржа вакиллари ёшларни биржанинг Навоий филиалида биржа трейдерлиги асослари бўйича ўтказилаётган бепул ўқув курсларига таклиф қилдилар. Мазкур курсларда ёшлар брокерлик касбини эгаллашлари учун ҳам назарий, ҳам амалий кўникмаларни олишлари мумкин.

Тадбир давомида алоҳида тақдимот давлат харидлари бўйича янги ягона портал - xarid.uzex.uz га бағишланди. Мазкур портал буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг давлат харидлари бўйича электрон савдоларда иштирок этишини янада енгиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди.

Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилди. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.

Шунингдек, янги портал орқали мижозларни ягона онлайн рўйхатдан ўтказиш ҳам мумкин. Бундан аввал мижозларни рўйхатга олиш биржанинг ҳар бир платформаси учун алоҳида амалга оширилган бўлса, эндиликда бунинг учун бир маротаба рўйхатдан ўтишнинг ўзи кифоя.

Бундан ташқари, аввал буюртмачилар ва етказиб берувчилар биржа платформаларида савдо қилиш учун ҳар хил шахсий ҳисобварақдан фойдаланишган. Бугунги кунга келиб эса давлат харидлари бўйича барча ҳисоб-китоблар биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги битта ҳисобварағи орқали амалга оширилади.

Қўшимча равишда ҳар бир эълон ҳақида барча маълумотларни ўрганиб чиқиш имконини берувчи лотлар харитаси – Roadmap ишга туширилди. Бу орқали лотнинг жойлаштирилган ва якунланиш санаси ҳақида, шунингдек, буюртма модерацияси ва савдо ғолиби ҳақидаги батафсил маълумотларни олиш мумкин.

Янги портал давлат харидлари соҳасидаги Шикоятлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш комиссиясига мурожаат ёки шикоятларни электрон шаклда жўнатиш имконини беради. Савдо иштирокчилари етказиб берувчилар ва товарларга баҳо бериш тизимидан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Яқин орада давлат харидлари бўйича ягона порталнинг мобиль дастури ҳам ишга туширилиши кутилмоқда. Натижада мобиль қурилмалар орқали ҳам онлайн-савдоларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлади.

Қўшимча саволлар юзага келган тақдирда иштирокчилар исталган вақтда биржанинг Call-марказига (71) 207-00-33 телефон рақами ёки @uzexfeedbackbot Telegram-бот орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Маърузачиларнинг чиқишлари давомида ёшлар, тадбиркорлар, журналистлар ва соҳа мутахассисларининг иштирокида савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 3499