Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси сўнгги йилларда биржа савдолари ва электрон тижорат механизмларини қўллаган ҳолда ташқи савдо операциялари ҳажмини ошириб бормоқда.
Хусусан, биржанинг хорижий савдо майдончалари сони ортмоқда, чет эллик ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқалар кенгайтирилмоқда. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар, энг аввало қўшни давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни ва товар айланмаси ҳажмининг янада ошишига хизмат қилади.
Хорижий савдо майдончалари бу электрон биржа савдоларининг ягона тизимига уланган биржанинг масофадаги савдо марказларидир. Улар тадбиркорларга “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг биржа савдоларида эркин қатнашиш ҳуқуқини ва биржа битимларни мустақил равишда рўйхатдан ўтказиш имкониятини беради. Биржанинг хориждаги савдо майдончаларининг афзаллиги шундаки, улар биржа савдоларига бевосита товар ишлаб чиқарувчиларни ҳамда истеъмолчиларни баравар жалб қилишлари мумкин. Биржа савдоларининг ягона тармоғи ҳужжатларнинг оператив алмашинуви ва ортиқча оворагарчиликларсиз бўлгани учун вақт ва маблағни тежаш имконини беради.
Айни вақтда Хитой, Россия, Белоруссия, Украина, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг 14 та хорижий савдо майдончалари фаолият юритиб келмоқда. Аккредитациядан ўтган брокерлик идоралари “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ биржа савдоларида иштирок этиш учун чет эллик мижозларининг буюртмаларини олишмоқда. Савдо майдончаларининг мутахассислари биржа савдоларига маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш мақсадида мунтазам равишда маркетинг тадбирларини олиб боришмоқда.
Шу билан бирга, хорижий савдо майдончалари тармоғининг кенгайиши нафақат маҳаллий товарларни ташқи бозорларга олиб чиқишга, балки талаб юқори бўлган товарларни мамлакатимизга олиб кириш орқали ҳам ички бозор нархларнинг барқарорлашишига ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 16 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланган эди.
Белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида биржада хорижий компанияларни рўйҳатдан ўтказиш жараёни соддалаштирилди, бундан ташқари улар гаров маблағларини киритиш ва комиссион йиғимларни тўлашдан озод этилди.
Натижада бугунги кунда Қозоғистон, Украина, Белоруссия ва Россияда ишлаб чиқарилган буғдой, ўсимлик ёғи, соя шроти, шакар, мол гўшти завод нархларида биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларига қўйилмоқда.
Олма-ота шаҳрида жойлашган савдо майдончасининг фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. “ДЭН” қўшма корхонаси мазкур савдо майдончаси орқали буғдой маҳсулотларини биржа савдоларига қўйган. Сўнг Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиали орқали ун ишлаб чиқарувчи “DOSTLIK COOPERATION” ҚК МЧЖ га биринчи босқичда 700 тонна, кейин яна 3150 тонна 3-синфдаги буғдой сотилди. Бунда импорт қилинган маҳсулотнинг биржа нархи буғдойнинг 1 килограмми учун 2 481,7 сўмга тенг бўлди. Таъкидлаш жойизки, биржада сотиладиган маҳаллий буғдойнинг амалдаги ички нархи, яъни котировкаси маҳсулотнинг 1 килограмми учун 2 773,2 сўмни ташкил қилади.
Умуман олганда 2020 йил якунига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг савдо тизимлари орқали 97,4 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспорт бўйича йирик битимлар полиэтилен (52%), нефть маҳсулотлари (13%) ва пахта толаси (12%) бўйича амалга оширилди. Сотувларнинг қолган қисмини полипропилен, суюлтирилган газ ва бошқа маҳсулотлар эгаллашди.
Ўтган йили биржанинг хорижий савдо майдончалари ёрдамида 24,8 млн АҚШ долларик озиқ-овқат маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва нефть маҳсулотлари импорт қилинган.
Маълумот учун: “ДЭН” Қўшма корхонаси 1993-йилда Қозоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг махсус қарори билан ташкил этилган дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи корхонадир. Компаниянинг инфраструктурасига кўра, дон маҳсулотларини дунёнинг исталган нуқтасига экспорт қилиш имкониятига эга.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 5082