Жорий йил 4 февралда оммавий ахборот воситалари иштирокида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиалида пресс-тур ташкил этилди. Пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кунлик амалга ошириладиган ишлар тушунтирилди. Филиалда мижозларга маслаҳат бериш ва хизмат кўрсатиш учун яратилган шарт-шароитлар намоён этилди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 21 та савдо майдончалари, 72 та брокерлик идоралари ва 200 дан зиёд трейдерлар фаолият юритади. Филиалда жами 15,0 мингдан зиёд мижозларга биржа хизматлари кўрсатилади.
Ўтган йили филиалда ўтказилаган электрон савдолар натижасида жами 892,7 млрд сўмлик битимлар тузилган. Жумладан битимларнинг асосий қисми, яъни 83% биржа савдоларига, қолган 17% эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
Пресс-тур доирасида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун давра суҳбати ва тақдимотлар ҳам ўтказилди. Давра суҳбатларида, шунингдек, вилоят Молия бошқармаси, Монополияга қарши курашиш бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг масъул ходимлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида маърузачилар Сурхондарё вилоятида тадбиркорларга биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.
Таъкидланганидек, мижозлар биржа савдоларида қатнашиш учун биржанинг филиали ёки савдо майдончасида фаолият юритувчи брокерлик идораси билан шартнома тузиш керак. Шунингдек, улар мустақил равишда электрон давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, авторақам ёки мобиль рақамларнинг онлайн-аукционларида ўзларининг шахсий кабинетлари орқали онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун биржада бепул асосда онлайн-рўйхатдан ўтиш ва гаров маблағларини киритишнинг ўзи кифоя.
Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда, савдо иштирокчилари исталган пайтда биржанинг Call-марказига (+71) 207-00-33 телефон рақами ёки @uzexfeedbackbot телеграм боти орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Бундан ташқари биржа фаолияти ва хизматлари тўғрисида барча маълумотларни фойдаланувчилар биржанинг www.uzex.uz расмий вебсайти ҳамда @UZEXXabarbot Telegram-боти орқали олиш мумкин.
Тадбиркорлар билан ўтказилган жонли мулоқот давомида биржа савдолари ва давлат харидларига оид саволлар муҳокама қилинди. Суҳбат чоғида яқин келажакда биржа савдолари бўйича янги савдо тизими ва давлат харидлари бўйича янги ягона порталини ишга туширилиши таъкидланди. Бу янгиликлар ўз навбатида сотувчи ва харидорларни биржанинг электрон савдоларда иштирок этишини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, яқинда биржанинг www.uzex.uz расмий вебсайтининг янгиланиши ва тест режимида ишга туширилиши ҳам кутилмоқда. Вебсайт замонавий дизайн ва қулай интерфейсга эга бўлади. Шунингдек, янгиланган вебсайтда биржанинг савдо тизимларида иштирок этиш бўйича видеоқўлланмалар ва бир қатор янги интерактив хизматлардан фойдаланиш мумкин бўлади.
Тадбирда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиали вилоят ёшлари учун брокерлик фаолияти ва биржа трейдинги асослари бўйича ўқув курсларини ташкиллаштириш режалари ҳам эълон қилинди. Ёшлар, щз навбатида, биржа томонидан ўтказиладиган ўқув курсларига катта қизиқиш билдирдилар.
Пресс-тур ва давра суҳбати давомида биржа мутахассислари журналистлар ва бошқа тадбир иштирокчиларнинг қизиқтирган барча саволларига жавоб қайтаришди. Бундай учрашувлар тасдиқланган жадвалга мувофиқ республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.
Маълумот ўринда: 2020 йилда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида 53,6 трлн сўмлик битимлар имзоланган бўлиб, бу 2019 йилга нисбатан 24,7% га кўпдир. Жумладан, биржа савдолари 24,5% га, электрон давлат харидлари 13,4% га, кўргазма-ярмарка савдолари 53% га, авторақам онлайн аукцион – 58% га ўсган.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 3094