Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 февралда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида, товар бозорларида, айниқса монополиялар мавжуд бўлган табий газ бозорида эркин рақобат муҳитини яратиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Табиий газни етказиб беришдаги монополияни бекор қилиш, уни сотишда бозор механизмларини жорий этиш таклиф қилинган.
Белгиланган вазифани бажариш мақсадида, 10 февраль куни 2019 йил 30 майда имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси (СПбХТХБ) билан биргаликда видеоконференцалоқа орқали табиий газ бўйича биржа савдоларини ташкиллаштириш масаласи юзасидан тақдимот ўтказишди.
Анжуманда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Худудгазтаъминот” АЖ нинг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Видеомулоқот давомида Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси фаолияти ҳақида, жумладан, биржанинг ташкил этилиш тарихи, савдо механизми ва асосий кўрсаткичлари хусусида маълумотлар берилди.
Маълум бўлишича, айни вақтда СПбХТХБ да 2400 дан зиёд ташкилотлар-савдо иштирокчилари рўйхатдан ўтган. СПбХТХБ таркибида товар ва муддатли бозорнинг 2000 дан ортиқ савдо инструментлари бор. 2020 йил якунларига кўра СПбХТХБда секциялар бўйича савдо ҳажмининг қиймати 1070 млрд рубль атрофида бўлган.
Тадбир давомида россиялик мутахассислар СПбХТХБда табиий газ савдосини ташкил қилиш тўғрисида алоҳида тақдимот намойиш этдилар. Семинар иштирокчилари Россия биржасида газ бозорининг шаклланиш босқичлари, ушбу товар секциясининг ўзига хос хусусиятлари, газ бўйича савдоларни ўтказиш, ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва маҳсулотни етказиб бериш тартиблари билан танишдилар.
Видеомулоқот фаол муҳокама тарзида ўтди, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, шунингдек, олинган маълумотларнинг фойдали ва самарали бўлганлигини таъкидладилар.
Онлайн учрашув якунида Ўзбекистон Республикасида табиий газни сотишнинг бозор механизмларини шакллантириш ва ташкиллаштириш бўйича ишларни биргаликда давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4176