Янги 2022 йил кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ фаолиятида якунига етаётган 2021 йилда бир қатор янгиликлар ва муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Ана шундай катта аҳамият касб этган 10 та энг муҳим воқеаларни сарҳисоб қилмоқчимиз.
1. UZEX биржаси “Электрон давлат хизматлари соҳасида энг яхши IT-лойиҳа” номинацияси ғолиби бўлди. Биржанинг IT-лойиҳалари, хусусан, электрон тижорат бўйича барча савдо тизимлари юқори эътирофларга эришди.
Давлат харидлари соҳасидаги барча савдо тизимлари орқали юқори иқтисодий кўрсаткичлар қайд этилаётгани таъкидланди. Биржанинг яна бир савдо тизими - avtoraqam.uzex.uz Ўзбекистондаги энг муваффақиятли IT-лойиҳалардан бири, деб топилди.
2. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси “Коррупцияга қарши курашиш менеджменти тизими” ISO 37001:2016 халқаро стандарти бўйича сертификатга эга бўлди. Биржани сертификатлаш “СERT international” сертификатлаш органи томонидан амалга оширилди.
Шунингдек, биржа сифат менеджменти тизимининг навбатдаги кузатув аудитидан муваффақиятли ўтди ва биржа савдолари, электрон давлат харидлари ва электрон тижоратни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича ISO 9001:2015 халқаро стандарти талабларига мос деб топилди.
3. Тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи барча субъектлар учун очиқ биржа савдолари орқали товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имконияти кенгайди. Хусусан, поливинилхлорид, формалин, этил спирти, кумуш, нефт ва газ конденсати каби янги товар турлари бўйича биржа шартномалари очилди.
4. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг расмий uzex.uz вебсайти модернизация қилинди. Муҳим маълумотлар ва фойдали сервислар вебсайтнинг асосий саҳифасига жойлаштирилди. Вебсайтнинг ички саҳифаларининг дизайни ҳам ўзгартирилиб, унинг қулай ва содда навигацияси ҳам жорий этилди. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг расмий uzex.uz сайти ташриф буюрувчиларнинг сони бўйича электрон тижорат йўналишида иккинчи ўринни эгалайди. Ҳар куни вебсайтга ўртача 18 мингта ноёб фойдаланувчи ташриф буюради.
5. Тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги ягона портал ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди.
Шунингдек, порталда ягона онлайн рўйхатдан ўтиш ва шахсий кабинет, шунингдек, ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва техник хусусиятларини кўрсатувчи товар ва хизматлар классификатори жорий этилди.
6. Европада ўзбек биржасининг биринчи савдо майдончаси очилди. Рига (Латвия) шаҳрида очилган биржанинг хорижий савдо майдончаси озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товар ресурслари учун нархларнинг барқарорлигини импорт ҳисобига таъминлаш ва сақлаш, шунингдек, маҳаллий товарларни ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида очилган.
7. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида фьючерс савдоларини ташкиллаштириш мақсадида хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, АҚШ ва Россия Федерациясининг халқаро биржалари, брокерлик идоралари, давлат назорат органлари, софтвер ва IT компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида Москва биржасининг технологик ечимларидан фойдаланган ҳолда суюлтирилган газ ва цемент учун ҳисоб-китоб фьючерс контрактлари бўйича тест режимида дастлабки электрон биржа савдолари ўтказилди.
8. UZEX платформасида қисқа, яъни 4 та белгили рақамлар сотила бошланди. Онлайн-аукционларда фақат юридик шахслар иштирок этишлари мумкин бўлади. Бунинг учун mobilraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн рўйхатдан ўтишлари ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси (ҲКП)га закалат ва воситачилик йиғими учун керакли маблағларни киритишлари керак.
9. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси марказий биносида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Халқаро биржалар уюшмасининг (МДҲ ХБУ) Умумий йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда 18 та йирик биржа раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Биржалари Халқаро Уюшмаси (МДҲ БХУ) 2000 йил апрель ойида Москвада уюшган молия бозорларини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида тузилган. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2004 йилдан буён МДҲ БХУ аъзоси ҳисобланади.
10. Биржа фаолиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, тадбиркорлик субъектларини биржа савдолари ва электрон тижоратга кенг жалб этиш мақсадида тадбиркорлар иштирокида 30 дан ортиқ форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари, матбуот анжуманлари, брифинглар, пресс-турлар ва ОАВ вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокида бошқа оммавий тадбирлар ўтказилди. Йил давомида мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида иқтисодчи-ўқитувчилар ва хорижий мутахассислар иштирокида биржа аъзолари ва ходимлари учун ўқув семинарлари ва тренинглар ташкил этилди.
2021 йил мобайнида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида амалга оширилган ишлар ва ишга туширилган янги лойиҳалар натижасида биржа савдоларида иштирок этаётган тадбиркорларнинг сони аввалги йилга нисбатан 31,4 мингтадан 59,7 мингтагача, деярли икки баробарга ошди.
Йил якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми қарийб 86,1 трлн сўмни ташкил қилди, бу мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг таҳминан 12% га мос келади. Биржа товар айланмаси 2020 йилга нисбатан 63 % га, 2019 йилга нисбатан икки маротабага ўсган.
Кириб келаётган янги 2022 йил ҳам бунданда сермазмун, янгиликларга ҳамда муваффақиятларга бой йил бўлади, деб умид қиламиз!
Источник : “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими
Курилди: 3664