Электрон танлов ва тендер тизимининг қамрови кенгайтирилмоқда | Новости

08 Ноя 2021

Жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг etender.uzex.uz электрон танлов ва тендер савдо тизимида илк бор бюджет буюртмачилари иштирок эта бошлади.

Айни пайтда бюджет буюртмачилари танлов ва тендерларда etender.uzex.uz вебсайти орқали электрон шаклда иштирок этишлари учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ўртасида тегишли маълумотлар базаси алмашинуви йўлга қўйилди. Бунга қадар биржанинг мазкур электрон савдо тизимида фақатгина корпоратив буюртмачилар иштирок этиб келаётган эди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисидаги” ЎРҚ-684-сон Қонунига мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат харидлари бўйича энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдолари мажбурий тартибда электрон шаклда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг оператори сифатида электрон танлов ва тендер савдо тизимининг etender.uzex.uz янги вебсайтини 2020 йил май ойида ишга туширган эди.

Мазкур электрон савдо тизими танлов ва тендерларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, ҳамда давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш мақсадида жорий этилган.

Вебсайт ишга туширилганидан буён давлат буюртмачилари (корпоратив буюртмачилар) томонидан жами 1,5 трлн сўмга яқин 3,3 мингдан зиёд шартномалар тузилган.

Источник : “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими

Курилди: 2508