Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда биржа савдолари бўйича турлича фикр-мулоҳазалар билдирилиши муносабати билан қуйидагиларни маълум қиламиз.
“BROKER” Брокерлар уюшмаси раҳбари Собит Содиқжонов томонидан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ишчанлик обрўсига путур етказадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни мунтазам тарқатганлик ҳолати бўйича Биржа томонидан судга даъво аризаси киритилган бўлиб, ушбу даъво аризанинг мазмуни нархларнинг ошиши билан боғлиқ эмас.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2013 йил 13 ноябрь кунидаги чиқарган ҳал қилув қарорига кўра Брокерлар уюшмаси томонидан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ишчанлик обрўсини камситадиган маълумотларни юборгани учун, мурожаатларни қайтариб олиш мажбурияти юклатилган.
Шунингдек, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 4 ноябрь кунидаги Ҳал қилув қарори билан Биржанинг даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Бугунги кунда Биржа томонидан амалдаги қонунчиликка кўра, мазкур ҳал қилув қарори бўйича юқори турувчи судлов ҳайъатига апелляция шикоятини киритиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари “BROKER” Брокерлар уюшмасига 12 нафар биржа аъзолари аъзо бўлган бўлиб, бу биржада рўйхатдан ўтган ва фаолиятини давом эттириб келаётган жами 1167 та биржа аъзоларининг 1 фоизини ҳам ташкил этмайди, яъни уюшма раҳбари Собит Содиқжоновнинг шахсий фикрлари бошқа биржа профессионал иштирокчилари фикрлари билан мос келмаслиги мумкин.
Сўнги йилларда Давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш, тақсимлаш тизими элементларини тугатиш, айниқса монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор тамойилларининг фаол жорий қилиш борасидаги ислоҳатлар натижасида, иқтисодиётга давлатнинг аралашуви кескин пасаймоқда ва бугунги кунда нархлар бозор тамойиллари асосида шаклланмоқда.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонуни доирасида ташкил этиб, биржа савдоларида нархларнинг эркин шаклланишини, биржа савдоларини ўтказишнинг ошкоралиги ва оммавийлигини, шунингдек биржа битимларини тузишнинг ихтиёрийлигини таъминлайди.
Шунингдек, Биржа томонидан товар бозорлари бўйича доимий таҳлиллар олиб борилиб, улар бўйича тайёрланган таклифлар тегишли ташкилотларга, шу жумладан Монополияга қарши курашиш қўмитасига киритиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳам ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, Биржа фаолиятини ўрганиш ва ёритиш истагида бўлган барча ОАВ вакиллари ва блогерлари учун тегишли мутахассисларни жалб этган ҳамда аниқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда интервью ва давра суҳбатларини ташкил этишга тайёрмиз.
Шу муносабат билан, барча ОАВ вакиллари ва блогерлардан биржа савдоларига доир материал ҳамда маълумотларни тайёрлашда, уларнинг объективлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ PR бўлимига мурожаат қилиш сўралади.
Мулоқот учун:
PR бўлими: (+998 71) 207-00-33 (11-50)
Call- center: (+998 71) 207-00-33
Telegram: https://t.me/uzexuz
Telegram-бот: https://t.me/uzexfeedbackbot
Facebook: www.facebook.com/UZEXofficial
Instagram: www.instagram.com/uzexuz
YouTube: UZEX MULTIMEDIA
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 2665