2021-йилнинг 25-ноябрь куни Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Халқаро биржалар уюшмасининг (МДҲ ХБУ) йиллик Умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Жорий йилда ушбу тадбирга Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мезбонлик қилди.
Шунингдек, тадбир ташкилотчилари қаторида МДҲ ХБУ Ижроия дирекцияси, “Тошкент” Республика фонд биржаси ва Ўзбекистон Республика валюта биржаси ҳам бўлишди.
Мажлисда Россия, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Молдова каби 18 та йирик биржа раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов меҳмонларни самимий кутиб олиб, ушбу нуфузли халқаро форумни Тошкент шаҳрида офлайн режимда ўтказиш имконияти яратилгани учун уларга миннатдорчилик билдирди.
Зиёвиддин Бадриддинов ўз нутқида сўнгги йилларда биржа томонидан эришган ютуқлар, якуний кўрсаткичлар ва натижалар билан ўртоқлашди.
Таъкидланганидек, коронавирус пандемияси билан боғлиқ салбий шароитлар ва чекловларга қарамай, 2021 йилнинг 10 ойи якунларига кўра, UZEX биржасида тузилган битимларнинг умумий ҳажми илк бор қарийб 70,0 триллион сўмни ташкил этиб, бу Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизига мос келади.
Биржа томонидан қўлланилаётган илғор IT-технологиялар амалдаги савдо ва ҳисоб-китоб инфратузилмасининг узлуксиз, юқори даражада ишлаши ва носозликларга чидамлилигини таъминлаш имконини беради.
Учрашув давомида биржалараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари, МДҲ мамлакатларида биржаларни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, шунингдек, биржа савдолари ва молия бозорлари соҳасидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари МДҲ ХБУ Ижроия дирекциясининг ҳисоботи, Тафтиш комиссиясининг хулосаси, ҳамда ташкилотнинг 2020 йилдаги молиявий-хўжалик фаолияти якунлари бўйича йиллик ҳисоботини тасдиқлашди.
Тадбир якунида билдирилган умумий хулосига кўра бундай учрашувлар биржалар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда товар, валюта ва фонд бозорларини ривожлантириш, биржалар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтиришга хизмат қилади.
Маълумот учун: Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Биржалари Халқаро Уюшмаси (МДҲ БХУ) 2000 йил апрель ойида Москвада уюшган молия бозорларини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида тузилган. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2004 йилдан буён МДҲ БХУ аъзоси ҳисобланади.
Источник : “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими
Курилди: 3581