2021 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Биржа савдолари ва электрон тижоратнинг ривожланиш натижалари ва таҳлили, бензин нархига таъсир қилувчи омиллар” мавзусида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг матбуот анжумани ташкил этилди ва тадбир марказий телеканалларда тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилди.
Тадбир мобайнида жорий йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан амалга оширилган ишлар ва режалаштирилган янги лойиҳалар ҳамда биржа фаолиятига доир бошқа долзарб масалалар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, жорий йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча йўналишлари бўйича динамик ўсиш ва ривожланиш кўрсаткичлари қайд этилди.
Хусусан, 2021 йил 10 ойлик якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 61,5% га ўсиб, қарийб 70,0 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 86% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келди.
Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида электрон давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан деярли 2,5 баробарга ошиб, қарийб 8,0 трлн сўмга етди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши икки маротабага ўсиб, 1,3 трлн сўмни ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда avtoraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукционлар орқали 247,2 млрд сўмлик 117,5 мингдан зиёд авторақамлар сотилди. Бунда, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 1,6 баробарга, ҳажми бўйича – 24% га ўсди. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 млн сўмга тенг бўлди.
Жорий йилда биржанинг янада ривожланишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори катта туртки берди.
Мазкур Қарорга мувофиқ, очиқ биржа савдолари орқали сотиладиган товарларнинг рўйхати кенгайтирилди, барча хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан фойдаланиш имконияти ошди, соғлом рақобат кучайди ва реал бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда, товарларга нарх белгилашнинг замонавий механизми жорий этилди.
Хусусан, 2021 йил январь-ноябрь ойларида ўтказилган биржа савдолари натижасида шаклланган ўртача нархлар ички товар бозорларида юзага келган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, ўсиш ва пасайиш ҳолатларини намоён этган.
Мисол учун, жорий йилнинг бошидан буён цементнинг ўртача биржада шаклланган нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 686,4 минг сўмдан 504,7 минг сўмгача, яъни 27% га пасайган.
Худди шундай, 2021 йилнинг август-ноябрь ойларида суюлтирилган газнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 7 505,4 минг сўмдан 3 874,1 минг сўмгача, яъни 48% га тушган.
Жорий йилнинг апрель-ноябрь ойларида эса биржа котировкалари кальцийланган сода бўйича 61% га, технич чигит – 25% га, омухта ем – 17% га, ўсимлик ёғи – 17% га ва карбамид – 12% га пасайган.
Шу билан бирга, биржа бозорининг айрим товар сегментиларида ўсиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мисол учун жорий йил бошидан буён биржанинг автомобиль бензини сегментида ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг бошидан буён АИ-80 маркали бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 700,2 минг сўмдан 9 887,7 минг сўмгача, яъни 73,5% га ўсган. Биржа савдоларига қўйилаётган мазкур маркали бензиннинг аксарият қисми, яъни 84% Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади.
Кўриб чиқилаётган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 79,3% га ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 375,0 минг сўмни ташкил қилди.
Ўтказилган очиқ биржа савдолари натижасида АИ-80 маркали бензинининг бошланғич ва биржа нархлари ўртасида тафовут ўртача 1% дан ошмади. Яъни бензин биржа савдолари давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган.
Шунингдек, жорий йилда биржа ўз мижозлари учун янги хизматларни тақдим этиш, бизнес жараёнларига инновацион ечимларни фаол равишда жорий этиш ишларини давом эттирмоқда.
Хусусан тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги ягона портал ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди ва маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жорий қилинди.
Жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб эса Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг etender.uzex.uz электрон танлов ва тендер савдо тизимида илк бор бюджет буюртмачилари иштирок эта бошлади.
Бундан ташқари, биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соф рақобатни ривожлантириш мақсадида e-logistika.uzex.uz электрон логистика савдо портали ҳам тест режимида ишга туширилди. Порталга, шунингдек, юклар ҳаракатланишини реал вақт режимида кузатиш, диспечерлик хизмати ва юк ташувчи компаниялар хизматини баҳолаш функциялари ҳам киритилади.
Матбуот анжумани давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 2711