Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг автомобиль бензини сегментида нархларни ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.
Хусусан, 2021 йилнинг бошидан буён АИ-80 маркали бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 700,2 минг сўмдан 9 302,8 минг сўмгача, яъни 63,2% га ўсган. Биржа савдоларига қўйилаётган мазкур маркали бензиннинг аксарият қисми, яъни 84% Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади.
Кўриб чиқилаётган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 70 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 005,0 минг сўмни ташкил қилди. Бу тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинган.
Ўтказилган очиқ биржа савдолари натижасида АИ-80 маркали бензинининг бошланғич ва биржа нархлари ўртасида тафовут ўртача 1% дан ошмади. Яъни бензин биржа савдолари давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган.
Шу билан бирга, нархларнинг кўтарилиши жаҳон биржаларида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Brent маркали нефтнинг жаҳон бозорлардаги нархи жорий йилнинг бошига нисбатан ўртача 60-70 фоизга ўсган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси савдо ташкилотчиси (оператори) сифатида бензин бозорида шаклланаётган ҳолатни мунтазам равишда ўрганиб бормоқда. Биржа томонидан ўтказилган таҳлиллар натижаси ва бензин бозорида нархларни барқарорлаштириш бўйича таклифлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилмоқда.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4863