2021 йил 28 октябрь куни Фарғона вилоятида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакилларининг вилоят тадбиркорлари ва ёшлари билан навбатдаги учрашуви ўтказилди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳамда ёшларни трейдерлик касби билан таништиришдан иборат бўлди.
Семинарда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармаси раҳбарлари ва масъул ходимлари, электрон савдоларнинг иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, брокер ва трейдерлар иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, Президенти Қарори бизнес вакиллари, шу жумладан ёш тадбиркорлар учун бир қатор янги имкониятларни тақдим этди.
Хусусан, улар томонидан поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан фойдаланиш кенгайтирилди. Мазкур товар позициялари бўйича сотувчи ва олувчи корхоналар биржада рўйхатдан ўтказилди, улар бўйича стандартлаштирилган биржа шартномалари очилиб, очиқ ва шаффоф биржа савдолари ўтказилмоқда.
Қарорни ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг e-logistika.uzex.uz янги электрон портали тест режимида ишга туширилди.
Мазкур портални ишга туширишдан кўзланган асосий мақсад бу юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соф рақобатни ривожлантиришдан иборатдир.
Тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги ягона портал ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди.
Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.
Янги порталнинг бошқа афзалликларига мижозларни ягона рўйхатдан ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварақ хизматлари киради. Эндиликда тадбиркорлар биржада бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.
Маърузачиларнинг чиқишлари давомида тадбиркорлар, журналистлар ва соҳа мутахассисларининг иштирокида савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди.
Источник : “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими
Курилди: 2362