2021 йилнинг 19 октябрь куни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида 21 октябрь -“Ўзбек тили байрами куни” га бағишланган тадбир ўтказилди. Байрам тадбирида Биржа раҳбарияти, ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрамини белгилаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлиги, Ўзбекистон фуқаролигини олувчи шахсларга, мансабларга тайинланувчи шахсларга нисбатан ўзбек тилини билиш талаби давлат тилининг мавқеининг кўтарилишига ва унга бўлган эътиборнинг янада ошишига хизмат қилади. Кейинги йилларда давлат тили қадрини оширишга қаратилган шу каби Ҳукумат қарорлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. Зеро, она тили бу миллатнинг маънавий бойлиги ва маданиятининг ўзагидир. Аждодлардан бизга мерос ўтган тилимиз авлодларимизга тўкислигича етмоғи лозим.
Тадбирда она тилимиз мавзусидаги видеороликлар намойиш этилди, шеърлар ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, байрам муносабати билан ходимлар ўртасида савол-жавоблар мусобақаси ҳам ўтказилди. Мазкур беллашув асосан Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги қонуни, ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихига оид саволлардан иборат бўлди. Ўтказилган мусобақада Электрон тижоратни ривожлантириш ва харидларни ташкиллаштириш бўлими ходимларидан иборат “Тижоратчилар” ва Товар бозорларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш марказининг ходимларидан ташкил топган “Таҳлилчилар” гуруҳлари она тилимиз ва юртимиз тарихи мавзусида ўзаро беллашдилар. Ушбу беллашув қизиқарли тус олиб, жавобларни топишда томошабинлар ҳам фаол иштирок этдилар. Беллашув иштирокчилари эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида Бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Машҳура Ҳақбердиева Биржада давлат тили қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича қилинаётган ва келгусида бу борада жамоа билан ҳамжиҳатликда бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида гапириб ўтди.
Источник : “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими
Курилди: 2602