Жорий йил 28 январда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Андижон филиали биносида тадбиркорлар ва ОАВ лари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Форумда, шунингдек, вилоят Молия бошқармаси, Монополияга қарши курашиш бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг масъул ходимлари, биржа савдолари, онлайн-аукцион, давлат харидлари иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аҳоли ва тадбиркорларни биржа савдолари ҳамда онлайн-аукционда иштирок этиш тартиби билан таништириш ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятига доир долзарб масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашув аввалида биржа раҳбарияти ва мутахассислари шаффоф тизим ва бозор механизмлари ҳисобланмиш биржа савдолари ва электрон тижоратнинг мазмун ва моҳияти тўғрисида батафсил тушунтириш бердилар. Тадбир давомида биржанинг видеотакдимоти ҳам намойиш этилди.
Бозор нархларини шаффоф механизм асосида шаклланиши, клиринг орқали тақдим этиладиган кафолатлаш тизими, бизнес-жараёнларда замонавий IT-технологиялардан фойдаланиш, мижозларнинг кенг базаси ва ривожланган рақобат муҳити бизнес вакилларини биржа ва аукцион савдоларига жалб қилишда муҳим аҳамиятнинг касб этиши таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, янги мижозлар учун электрон савдоларда иштирок этиш дастлаб мураккабдек туюлиши мумкин. Амалда бунинг учун биржада онлайн рўйхатдан ўтиш ва биржадаги ўзининг шахсий ҳисоварағига гаров маблағини киритишнинг ўзи кифоя. Биржа савдолари платформасидаги барча операциялар мижознинг ўзи танлаган брокерлик идораси томонидан амалга оширилади. Электрон тижорат тизимларида эса содда ва тушунарли тарзда тузилган шахсий кабинет орқали маҳсулотларни сотиш ёки харид қилиш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг YouTube даги “UZEX multimedia” расмий каналида биржанинг ҳар бир савдо тизимида иштирок этиш тартиби билан танишиб чиқиш мумкин. Қўшимча саволлар юзага келганида савдо иштирокчилари исталган пайтда Call-марказга (+71) 207-00-33 телефон рақами ёки @uzexfeedbackbot телеграм боти орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Шунингдек, онлайн-маслаҳатлар биржанинг расмий www.uzex.uz вебсайти, Facebook, Instagram ва Twitter даги саҳифалари орқали ҳам берилади.
Биржа хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида тўғридан-тўғри биржа раҳбари билан боғланиш бўйича @UzexMarkazBot ва муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилиш учун @UZEXfeedbackbot Telegram-ботлари яратилди.
Биржа нафақат бозор иқтисодиётининг муҳим инфратузилмаси, балки хуфиёна иқтисодиёт ва коррупция элементларини бартараф этишнинг самарали воситаси ҳам ҳисобланади. Биржадаги шаффофлик ва ошкоралик замонавий IT-технологиялар ёрдамида электрон савдоларнинг ҳар бир босқичида таъминланади.
Мисол учун, биржа савдоларида савдо иштирокчилари биржа савдоларига қўйиладиган товарлар тўғрисида батафсил маълумотларни биржанинг www.uzex.uz вебсайтида билиб олишлари мумкин. Биржа савдолари жараёнида брокерлар ва уларнинг мижозлари бозордаги ҳолатдан хабардор бўлишади. Электрон савдолар якунлангандан сўнг эса товарлар учун котировкалар (биржа нархлари) биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Давлат харидлари йўналишида шаффофлик xarid.uz махсус ахборот портали орқали таъминланади. Мазкур порталда давлат харидлари тўғрисида барча маълумотлар, шу жумладан ўтказилган давлат харидларининг натижалари жойлаштирилади ҳамда давлат харидлари бўйича онлайн-савдолар ўтказилади. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси эса ушбу порталнинг оператори ҳисобланади.
Худди шундай шаффофлик биржанинг бошқа савдо тизимлари, шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари (yarmarka.uzex.uz), авторақам (avtoraqam.uzex.uz) ва мобиль рақамлар (mobilraqam.uzex.uz)нинг онлайн аукционларида ҳам таъминланади.
Биржа фаолияти бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш ва такомиллаштириш мақсадида @uzexanticorruptionbot аноним Telegram-боти ишга туширилган.
Тадбиркорлар билан ўтказилган жонли мулоқот давомида давлат харидлари, авторақамлар онлайн-аукционлари ва биржа савдоларига оид саволлар муҳокама қилинди. Суҳбат чоғида яқин келажакда давлат харидлари бўйича қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, шунингдек, буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидлардаги иштирокини янада енгиллаштиришга қаратилган янги ягона порталини ишга туширилиши таъкидланди.
Авторақамлар онлайн аукциони тўғрисидаги муҳокамалар давомида харидорни рўйхатдан ўтказаётган вақтида маълумотларнинг тўғрилигини қатъий текшириш тавсия этилди. Чунки шахсий маълумотлар нотўғри киритилса, сотиб олинган авторақамни расмийлаштириш вақтида муаммолар юзага келиши мумкин. Бунда фақатгина авторақам сотиб олмоқчи бўлган автотранспорт эгасигина харидор сифатида рўйхатдан ўтказилиши шарт.
Биржа савдолари йўналишида тузилган шартнома бўйича мажбуриятларини бажаришда томонларнинг маъсулиятини янада ошириш ва сотувчи корхоналар томонидан қўйилаётган маҳсулотларнинг ҳажмларига оид масалалар кўтарилди. Тадбиркорлар томонидан берилган таклифлар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси, Андижон вилояти Молия бошқармаси, Монополияга қарши курашиш бошқармасининг маъсул ходимлари томонидан ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.
Ёшлар билан ўтказилган суҳбат давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Андижон филиалида вилоят ёшлари учун брокерлик фаолияти ва биржа трейдинги асослари бўйича ўқув курсларини ташкиллаштиришга келишиб олинди.
Биржа мутахассислари тадбиркорлар ва журналистларнинг барча саволларига жавоб беришди. Семинар якунида тингловчилар ўтказилган тадбирнинг самарадорлигини эътироф этиб, олинган маълумотлар электрон савдо иштирокчилари ва ёшлар учун фойдали эканлигини билдирдилар.
Бундай учрашувлар тасдиқланган жадвалга мувофиқ республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 3792