Биржада имконияти чекланган ёшлар ва болалар учун хайрия акцияси ўтказилди | Новости

28 Янв 2021

28 январь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Иттифоқи қошидаги Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази аъзолари томонидан қўл меҳнати асосида яратилган санъат асарларининг кўргазма-ярмаркаси ташкил этилди.

Имконияти чекланган ёшлар қатламини, жумладан ногирон, кўзи ожиз, эшитиш қобилияти чекланган, муомала лайоқатига эга бўлмаган ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда тенг имкониятлар яратиб бериш, ҳуқуқий, психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш ҳамда хайрия фаолиятини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилган Имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказининг “Меҳрли қўллар” лойиҳаси бугунги кунда минглаб саҳоватпеша инсонларни бирлаштириб келмоқда. “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Иттифоқи қошидаги Имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказининг бир неча лойиҳаларида ҳомий сифатида иштирок этиб келади.

“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раиси Зиёвиддин Бадриддинов тадбирни очиб берар экан, биржа бундай хайрия тадбирларини ўтказишда ҳамкорлик қилишга доим тайёр эканлигини билдириб ўтди. Ўз навбатида Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази раҳбари Раъно Шодиева кўрсатилаётган эътибор болаларнинг қувончига қувонч қўшаётганлигини таъкидлаб, ҳомийлик учун миннатдорлик билдирди.

 

Кўриш қобилиятида нуқсони бўлган Севара Мирсидиқова пианинода Шопен мусиқаларидан намуналар ижро этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган Олег Ошпеков ва Екатерина Бабицина ҳам қўшиқ ижро этиб, ўз истеъдодларини намойиш этишди.

Тадбир давомида шахмат бўйича онлайн тарзда ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган 102-мактаб-интернат ўқувчиси Марсель Шоюнусов мобиль телефони билан тақдирланди.

Биржада ўтказилган ярмарка болаларнинг беғубор қалбини янада қувончу шодликка тўлдирди. Тадбир якуниди меҳмонлар учун дастурхон ёзилди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 4073