Кадрлар малакасини ошириш мақсадида ҳамда республика раҳбарияти томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида биржа ходимлари учун қатор ўқув машлуғотлари бошланди.
Лекциялар интерактив шаклда 2020 йил 9 апрелда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида имзоланган ўзаро англашинув тўғрисида меморандум доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг профессор ва доцентлари томонидан ўтказилмоқда.
Тадбирларда биржанинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этишмоқда. Жойлардаги мутахассислар лекцияларда видеоконференц алоқа орқали қатнашишмоқда.
Ўтказилган биринчи лекция рақамли маркетингнинг асосий тушунчалари, инструментлари ва ривожланиш босқичларига бағишланди. Хусусан, тингловчиларга таргетлаш, контент-маркетинг, E-mail маркетинг, SEO оптималлаштириш ва брендни SMM орқали илгари суриш масалалари батафсил тушунтирилди.
Ўқув машғулотлари 18 январдан 5 февралгача рақамли маркетинг, рақамли иқтисод, электрон тижорат, товаршунослик ва халқаро иқтисодий алоқалар каби мавзулар бўйича ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал муддатли бозорлар бўйича хорижий эксперт Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг мутахассислари учун семинар-тренинг ўтказди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4133