МДҲ мамлакатлари Биржалари Халқаро Уюшмаси (МДҲ БХУ) нинг 2019 йил якуни бўйича эълон қилган "МДҲ биржа товар бозорларининг ахборот-таҳлилий шарҳи" ҳисоботига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ("ЎзРТХБ" АЖ) савдо ҳажмлари бўйича МДҲ товар биржалари орасида ишончли тарзда иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Хусусан, 2019 йилда "ЎзРТХБ" АЖ савдо ҳажми доллар эквивалентида 4 259,9 млн АҚШ долларини ташкил этди, бу эса 2018 йилдаги айнан ушбу кўрсаткичига нисбатан 20,1 фоизга кўпдир.
Бунда етакчилик Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси (“СПбХТХБ” АЖ) га тегишли бўлиб, уларда ўтказилган савдолар, шу жумладан товар фьючерслари бўйича тузилган битимларнинг умумий ҳажми қарийб 15 250,0 млн АҚШ доллар (Россия Федерацияси Марказий банкининг 2020 йил 1 январдаги курси бўйича) атрофида қайд этилган.
“ЎзРТХБ” АЖ дан сўнг кейинги ўринларда турган Беларусь универсал товар-хом ашё биржаси (“БУТБ” АЖ) нинг савдо ҳажми – 2 180,75 млн АҚШ доллар, “Каспий” товар биржаси – 801,86 млн АҚШ доллар ва “Евроосиё савдо тизими” товар биржаси (Қозоғистон) да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 597,0 млн АҚШ долларни ташкил қилди.
МДҲ БХУ ҳисоботида, шунингдек, савдо платформалари кесимида товар секцияларида тузилган битимлар, нархлар индекслари динамикаси тўғрисида батафсил статистик маълумотлар чоп этилган. Мазкур ҳужжат билан халқаро ташкилотнинг веб-сайтида https://mab-sng.org/publications/ танишиб олишингиз мумкин.
Маълумот учун: Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Биржалари Халқаро Уюшмаси (МДҲ БХУ) 2000 йил апрель ойида Москвада уюшган молия бозорларини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида тузилган. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2004 йилдан буён МДҲ БХУ аъзоси ҳисобланади.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 5798