2020 йил 2 сентябрь куни Қирғизистон Республикасининг тадбиркорлари учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “Маҳсулотларни товар биржаси орқали экспорт/импорт қилиш" мавзусида онлайн-тақдимот бўлиб ўтди.
Онлайн бизнес-учрашув Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ("ЎзРТХБ" АЖ) томонидан Қирғизистон фонд биржаси ("КФБ" ЁАЖ) билан ҳамкорлигида ва МДҲ мамлакатлари Биржаларининг Халқаро Уюшмаси (МДҲ БХУ) кўмагида ўтказилди.
Видеоанжуманда Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Молия бозорини тартибга солиш ва назорат қилиш давлат хизмати, Қирғизистон Республикасининг Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги вакиллари ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларининг тадбиркорлари (кўмир, цемент, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари), шу жумладан Қирғизистон фонд бозорининг 26 та вакиллари иштирок этишди.
Учрашув аввалида "ЎзРТСБ" АЖ Бошқарув раиси Зиёвиддин Бадриддинов, онлайн-форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ўзбек биржаси фаолияти билан таништириш ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган минтақавий биржа товар бозорининг бугунги кундаги ҳолати ва уларнинг ривожланиш тенденцияларини муҳокама қилишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, биржа раҳбари Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармонлари электрон биржа савдоси механизмлари ёрдамида икки мамлакат товар бозорларидан янада кенгроқ фойдаланишлари учун самаралик ҳамкорлик ўрнатилишига умид билдирди.
Ўз навбатида, «Қирғизистон фонд биржаси» ЁАЖ Президенти Медет Назаралиев икки биржа ўртасида тузилган келишувини бажариш доирасида ўтган йили Қирғизистонда “ЎзРТХБ” АЖнинг савдо майдончаси очилганлигини эслатиб ўтди.
Онлайн бизнес-форум очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, унда "ЎзРТХБ" АЖ тақдимотларида акс эттирилган масалалар муҳокама қилинди ҳамда ташқи савдо операцияларини амалга оширишда биржа механизмларининг имкониятлари намойиш этилди.
Таъкидланганидек, UZEX биржасида ҳар куни умумий қиймати 23 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган 5 мингдан зиёд битимлар тузилади, "ЎзРТХБ" АЖнинг мижозлар базаси 230 мингдан зиёд иштирокчиларни қамраб олади, биржанинг асосий экспорт позицияларига эса полиэтилен ва полипропилен, ўсимлик мойлари, пахта толаси, чорва учун емлар, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган газ киради.
Онлайн-форум иштирокчилари биржада тузиладиган битимларнинг ижросини кафолатловчи ҳисоб-китоб клиринг палатасининг фаолиятига катта қизиқиш билдирдилар. Икки мамлакат тадбиркорлари ушбу механизмдан ҳам биржа савдоларида иштирок этишда, ҳам "ЎзРТХБ" АЖ электрон тижорат B2B модели, яъни кўргазма-ярмарка савдолари онлайн-тизими орқали ҳам фойдаланишлари мумкинлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Тадбирда "ЎзРТХБ" АЖ хорижий савдо майдончалари фаолиятининг натижалари тўғрисида қисқача маълумотлар берилди ҳамда биржалараро ҳамкорлик, биржанинг хорижий ҳисоб-китоб ва молия ташкилотлари билан ўзаро алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбир якунига кўра икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида видеоанжуман шаклидаги бу каби учрашувларни кейинчалик ҳам давом эттиришга келишиб олинди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 6172