2020 йил 16 сентябрь куни "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ "Қозоғистон буғдой иттифоқи" юридик шахслар бирлашмаси билан биргаликда видеоанжуман ўтказди. Тадбирда биржа фаолиятига доир масалалар, шу жумладан биржа савдолари орқали дон экинларини сотиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Видеоанжуманда биржанинг Қозоғистондаги савдо майдончаси –"Альта и К" МЧШ ҳамда Қозоғистон ғалла саноатининг 15 дан зиёд йирик корхона ва ташкилотларининг вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида биржа фаолияти тўғрисида қисқача маълумотлар берилди ҳамда биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси, хорижий савдо майдончалари ва асосий экспорт-импорт операциялари амалга ошириладиган валюта савдо майдончасига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Таъкидланганидек, хорижий савдо майдончалари бу электрон биржа савдоларининг ягона тизимига уланган биржанинг масофадаги савдо марказларидир. Улар тадбиркорларга биржа савдоларида эркин қатнашиш ҳуқуқини ва биржа битимларни мустақил равишда рўйхатдан ўтказиш имкониятларини тақдим этади.
Биржанинг хорижий савдо майдончаларининг асосий афзалликларига электрон ва онлайн савдоларга бевосита товар ишлаб чиқарувчилар ва якуний истеъмолчиларни жалб қилиш, ҳамда электрон ҳужжат айланмаси ёрдамида вақт ва маблағларни тежаш каби имкониятлар киради.
Тузилган битимларнинг бажарилишини ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатлаш биржада савдо қилишнинг яна бир устунлиги ҳисобланади. Бу ўз навбатида, мижозларнинг мазкур тизимга бўлган ишончини янада ошишига хизмат қилади. Биржада, шунингдек, хорижий мижозларига хизмат кўрсатиш ва ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишнинг ягона механизми ҳам жорий этилган.
Тадбир якунида биржа вакиллари онлайн-анжуман иштирокчиларининг барча қизиқтирган саволларига жавоб бердилар, ҳамда "Қозоғистон буғдой иттифоқи" аъзолари билан алоқаларни янада ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Маълумот учун: “Қозоғистон буғдой иттифоқи" ЮШБ бу нотижорат ташкилотдир. Иттифоқни тузишдан кўзланган мақсад – ғалла бозори корхоналари ва ташкилотларини бирлаштириш орқали уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, ягона манфаатларини ҳимоя қилиш ва дон маҳсулотлари тармоғини барқарор ривожланишига кўмаклашишдир.
Буғдой иттифоқи бу:
ҲОСИЛ МАЙДОНИ - 3 МЛН ГЕКТАР
(Қозоғистоннинг умумий ҳажмдан 17%)
ҒАЛЛА ЭКСПОРТИ ҲАЖМИ - 5 МЛН ТОННА
(Қозоғистоннинг умумий ҳажмидан 70%)
ДОННИ САҚЛАШ ҲАЖМИ - 6,5 МЛН ТОННА
(Қозоғистоннинг умумий ҳажмдан 24%)
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 4442